Жоржия расмийлари икки кишининг ўлимига ва 35 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган отишмада гумонланувчини қидирмоқда
Уйга қайтиш байрами фожиали зўравонлик майдонига айланиб кетди, оломон томон ўнлаб ўқлар узилди.

Жоржия расмийлари икки кишининг ўлими ва 35 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган отишмадан кейин гумонланувчини қидирмоқда
АҚШнинг Жоржия штатидаги терговчилар якшанба куни эрталаб содир бўлган, икки кишининг ҳаётига зомин бўлган ва яна 35 кишини жароҳатлаган оммавий отишмада гумонланувчини қидирмоқда.
Расмийларнинг маълум қилишича, Вена жанубий қишлоқ жамоасида ўтказилаётган кўча байрамига 1000 га яқин одам йиғилган ва шу пайт 50 дан ортиқ ўқ узилган.
Икки жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум қилинди, яна 25 киши яқин атрофдаги бир нечта шифохоналарга етказилди, улардан баъзиларининг аҳволи оғир.
Ҳозирча ҳеч ким ҳибсга олингани йўқ ва расмийлар зўравонликнинг эҳтимолий сабабларини аниқламаган. Жабрланувчилар 14 ёшдан 51 ёшгача бўлган шахслардир.
Воқеа якшанба куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 01:30 да (Гринвич вақти билан 05:30) Дули ўрта мактабининг битирувчилар учрашуви байрами пайтида содир бўлган, гарчи бу мактаб томонидан ташкиллаштирилган тадбир бўлмаса-да.
«Бизнинг қалбимиз яқинларини йўқотиб қайғураётган оилалар, жароҳатланганлар ва ушбу фожиадан жабр кўрган барча билан биргадир», дейилади мактаб баёнотида.
Кўп одам йиғилишини кутган Дули округи шерифи идораси ходимлари отишма бошланган пайтда оломоннинг иккала томонида навбатчилик қилаётган эди.
«Баъзи одамлар пиротехника воситалари отилганини айтишди, кейин эса кимдир кимгадир ўқ текканини айтди», деди Дули округи шерифи Крейг Пиви маҳаллий ОАВга.
Пивининг сўзларига кўра, одамлар ҳар томонга қочиб кетаётган бир пайтда расмийлар оломон орасидан ўтиб, жабрланувчиларга ёрдам бериш учун ҳаракат қилишган.
Воқеа жойида бўлган Эшли Жи «Atlanta Journal-Constitution» ахборот нашрига берган интервюсида ўқ овозлари «пулемёт овозига» ўхшаганини айтди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб келиб, бир нечта жароҳатланганларни топишган. Икки нафар ҳалок бўлган шахс отишма содир бўлган Пайн-стрит кўчасидан бир неча даҳа наридан топилган.
Дули округи коронери Бретт Уоллс Би-би-сининг АҚШдаги ҳамкори бўлган CBS News телеканалига ҳалок бўлганларнинг иккаласи ҳам 20 ва 23 ёшли эркаклар эканини маълум қилди.
Жоржия тергов бюроси суд-тиббий экспертиза идораси ҳар бир ҳолат бўйича экспертиза ўтказилишини билдирди.
Бюро, шунингдек, Дули округи шерифи идорасининг илтимосига биноан терговга қўшилишини маълум қилиб, бу ишларни «фаол ва давом этаётган» деб таърифлади.

