Жиззахда тош даврига оид янги манзиллар ва 30 га яқин петроглиф аниқланди
Жиззахнинг Зомин ва Шароф Рашидов туманларида палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик манзиллар аниқланди. Шунингдек, Равоцой бўйидаги 7 та сланец қоятошда 30 га яқин петроглиф қайд этилди. Улар бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган даврга оид.

Жиззахда тош даврига оид янги манзиллар ва 30 га яқин петроглиф топилди
Жиззах вилоятининг Зомин ва Шароф Рашидов туманларида олиб борилган археологик дала-қидирувлар жараёнида палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик обьектлар ҳамда 30 га яқин қоятош сурати аниқланди.
Тадқиқотлар сентабр ойида Маданий мерос агентлиги ҳамда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ходимлари томонидан амалга оширилган.
Зомин туманида ўтказилган қидирувлар давомида тош даврига оид бир қатор янги археологик обьектлар қайд этилди. Дастлабки хулосаларга кўра, Аччи қишлоғининг шарқий қисмида палеолит даврига (милоддан аввалги 2,5 млн йилдан 14 минг йилликкача бўлган давр), Пешағор қишлоғида эса неолит даврига (милоддан аввалги ВИ-ИИИ минг йилликлар) оид манзиллар аниқланган. Шунингдек, Аччи қишлоғининг ғарбий қисми ва Аржа қишлоғи ҳудудларида ҳам неолит даврига мансуб топилмажойлар қайд этилган.
Таъкидланишича, бир ҳудуд доирасида палеолит ва неолит даврларига оид ёдгорликларнинг топилиши Зомин воҳаси ҳамда Туркистон тоғ тизмасининг ушбу қисмида қадимги жамоалар узоқ тарихий даврлар давомида яшаган ва ҳудуддан мунтазам фойдаланган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Мутахассислар фикрича, янги топилмалар Туркистон тоғ тизмасида тош даври жамоаларининг тарқалиши, яшаш муҳити ва хўжалик фаолиятини ўрганишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Дала-қидирув ишлари давомида Шароф Рашидов туманида ҳам янги археологик обьект аниқланди. Равот қишлоғи ҳудудида, Равоцойнинг чап соҳилида қоятош суратлари мажмуаси қайд этилди.
Еттита сланец қоятош юзасида 30 га яқин петроглиф аниқланган. Улар орасида овчи, тоғ эчкиси, қорамол, ит, қуёшсимон белги ҳамда камондан ўқ узаётган овчи тасвирлари бор.
Дастлабки таҳлилларга кўра, ушбу петроглифлар бронза давридан (милоддан аввалги ИИИ минг йилликдан И минг йиллик бошларигача) илк ўрта асрларгача (В-ХИ асрлар) бўлган даврларга мансуб.
Мутахассислар аниқланган обьектлар Жиззах воҳаси ва Туркистон тоғ тизмасининг қадимги тарихини ўрганиш учун янги илмий маълумотлар бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
Келгусида аниқланган ёдгорликларда кенг кўламли археологик тадқиқотлар ўтказиш, топилмаларни даврлаштириш ва ҳужжатлаштириш ишларини давом эттириш режалаштирилган.
2025-йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ҳам палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик масканлар аниқланган эди. Хусусан, Ўгат қишлоғининг ғарбий қисмида сўнгги палеолит даврига оид ибтидоий кишиларнинг яшаш макони қайд этилган. Қоропчи қишлоғининг шимолий этакларида ва Ёнбоштут қишлоғи шимолида эса неолит даврига мансуб янги маконлар аниқланган.

