Жиззахда Оних ва Волксваген тўқнашувида 2 киши ҳалок бўлди
ЙТҲ Зомин тумани ҳудудида содир бўлган: Оних машинаси йўлнинг қарама-қарши томонидан келаётган Волксваген билан тўқнашган. Оқибатда, ҳар икки машина ҳайдовчиси вафот этган.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида юз берган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси маълум қилди.
Воқеа 11-август куни тахминан соат 10:05 да Зомин туманидаги Алишер Навоий маҳалласидан ўтувчи “Жиззах-Равот-Зомин-Савот” автомобил йўлида содир бўлган. 1998-йилда туғилган Ф.Э. исмли ҳайдовчи бошқарувидаги Оних автомобили қарама-қарши йўналишдан келаётган Волксваген русумли машина билан тўқнашган. Волксваген автомобилини Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 28 ёшли А.Р. бошқарган.
ЙТҲ натижасида ҳар икки автомобил ҳайдовчиси ҳам оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Оних ҳайдовчиси рулда ухлаб қолиши оқибатида автомобил йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетган ва бу фожиали тўқнашувга сабаб бўлган.

