Жиззахда 4,1 млрд сўмлик пахта маҳсулотлари белгиланган муддатда биржа савдоларига чиқарилмагани аниқланди

Жиззахда 4,1 млрд сўмлик пахта маҳсулотлари белгиланган муддатда биржа савдоларига чиқарилмагани маълум бўлди
Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах ва Қашқадарёда маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Жиззах вилоятида ўтказилган ўрганишларда “Гроуптехтил” МЧЖ томонидан 2025-йил декабр ойида 2 та ҳолатда 1 186 тонна, қарийб 4,1 млрд сўмлик пахта чигити ва тола маҳсулотларининг бир қисми тасдиқланган муддат ва ҳажмларда биржа савдоларига чиқарилмагани аниқланган.
Қорақалпоғистонда эса “Эсо Текс Слустер” МЧЖ 2023-йил 1-октябрдан 2026-йил 31-майгача пахта толаси, линт ва пахта ёғи маҳсулотлари биржа савдоларига қўйиш графиклари тасдиқланмасдан, тўғридан тўғри шартномалар асосида сотилган.
Жами 38 та ҳолатда қонунчилик талаблари бузилган. Шундан 11 та ҳолатда пахта толаси нинг тўғридан тўғри сотилиши натижасида биржа котировкаси ва шартнома нархи ўртасидаги фарқ ҳисобига 183,8 млн сўм асоссиз олинган маблағ аниқланган.
Андижон вилоятида “Садаф Соф Унлари” МЧЖнинг 2025-йил июл—декабр ва 2026-йил январ—апрел ойларидаги фаолияти ўрганилган. Жамият биржа савдолари орқали 3 918 тонна буғдой харид қилиб, ундан 2 646 тонна 75 фоизли буғдой уни ишлаб чиқарган.
Бироқ 2025-йил июлда режага нисбатан 258 тонна, декабрда 570 тонна маҳсулот биржа савдоларига кам қўйилган. Сентябрда 840 тонна, октябрда 910 тонна ва ноябрда 810 тонна маҳсулот эса биржа савдоларига умуман чиқарилмаган.
Қашқадарё вилоятидаги “Касби тегирмони” МЧЖ ҳам биржага қўйиш режалаштирилган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар ҳажмининг бир қисмини савдога чиқармагани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар бўйича субьектларга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси ва ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши юзасидан ишлар қўзғатилган.
Шунингдек, уларга асоссиз олинган маблағни қайтариш, қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Аввалроқ Жиззах, Сирдарё ва Фарғонада 25 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилишлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

