Спорт

ЖЧ қаҳрамони Возиня Чилидаги янги жамоасида ғайриоддий муаммо дуч келди

Жаҳон чемпионати қаҳрамони Возиня Чилидаги янги жамоасида ғайриоддий муаммога дуч келди.

Чилининг "Коло-Коло" футбол клуби яқин кунларда ўзининг янги аъзоси, Кабо-Верде терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатида порлаган 40 ёшли дарвозабон Возиняни расман таништиради. Бироқ, мамлакат чемпионати қоидалари футболчининг ўз либосига йиллар давомида ишлатиб келган лақабини ёздиришига тўсқинлик қилмоқда.

Белгиланган қоидага кўра, "футболчиларни шахсий идентификация қилиш учун либоснинг орқа юқори қисмида ота ёки онасининг фамилияси туширилиши шарт. Лақаблар ва тахаллуслардан фойдаланишга қатъиян йўл қўйилмайди". Агар клубда бир хил фамилияли ўйинчилар бўлса, уларни фарқлаш учун исмининг бош ҳарфи ёки иккинчи фамилияси ёзилади. Аммо қоидалар қатъий бўлишига қарамай, Чили Профессионал футбол миллий ассоциацияси (АНФП) томонидан аввал ҳам баъзи истиснолар қилинган.

"Коло-Коло" раҳбарияти асл исми Жозимар Диас бўлган дарвозабонга, худди Жаҳон чемпионатида бўлгани каби, "Возиня" ёзувидан фойдаланишга рухсат берилишидан умидвор. Клуб президенти Анибал Моса вазиятга шундай изоҳ берди: "Бизда шундай муаммо бор. Федерация билан гаплашдим, улар вазиятни тўғри тушунишди. 31-июл, жума куни клублар президентлари кенгаши бўлиб ўтади. Мен бошқа жамоалар раҳбарлари билан ҳам бу борада суҳбатлашдим. Улар ўйинчининг жаҳондаги энг йирик мусобақада айнан шу лақаб остида ўйнаганини инобатга олиб, унга истисно тариқасида "Возиня" номи остида ҳаракат қилишига рухсат бериш тарафдори эканликларини билдиришди".

Президентнинг қўшимча қилишича, дарвозабон яқин кунларда Сантягога етиб келади ва дастлаб 6 ойлик шартномага имзо чекади. Келишувда ҳамкорликни яна 12 ойга узайтириш банди ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, "Возиня" португал тилида "кичкина бувижон" деган маънони англатади. Бу лақаб дарвозабонга болалигида берилган. У кўчадаги футбол ўйинларида ютқазиб қўйса, доим йиғлаганча ўзи бирга яшайдиган бувисининг олдига югуриб кетар эди. Шундан сўнг маҳалладаги каттароқ болалар унга шу лақабни беришган.

Эслатиб ўтамиз, Возиня сўнгги бор Португалия иккинчи дивизиони иштирокчиси "Шавеш" сафида тўп сурган. Шунингдек, у фаолияти давомида Ангола, Кипр, Молдова ва Словакия клубларида ҳам ҳаракат қилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.