Жазоир БАА билан дипломатик алоқаларни узади
Жазоир ташқи ишлар вазирлиги бу қадамнинг сабабини келтирмади, бироқ барча чора-тадбирлар тугаганини маълум қилди.

Жазоир БАА билан дипломатик алоқаларни узади
Сўнгги йилларда Жазоир ва БАА ўртасидаги дипломатик муносабатлар таранглашиб бормоқда.
Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги Форс кўрфази давлатининг "провокацион ёки душманона" деб таърифланган ҳаракатларидан сўнг Бирлашган Араб Амирликлари билан дипломатик алоқаларни узаётганини маълум қилди.
"Жазоир Амирликлар томонини жалб қилиш учун бор кучини аямади ва уни афсусланарли ҳамда асоссиз хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиши мумкин бўлган оғир оқибатлардан огоҳлантирди", дейилади хабарда.
Баёнотда Жазоирнинг бундай қадам ташлашига нима сабаб бўлгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган, бироқ сўнгги йилларда бир қатор минтақавий низолар фонида икки давлат ўртасидаги алоқалар ёмонлашган.
БАА томонидан бунга тўғридан-тўғри муносабат билдирилмади, бироқ президентнинг дипломатик маслаҳатчиси муносабатлар "шифрлашни талаб қиладиган жумбоқлар ва сигналлар" устига қурилмаслигини айтди.
"Дипломатик муносабатлар оқилоналик, мулоқот ва манфаатларнинг аниқлиги орқали бошқарилади", деб ёзди Анвар Гаргаш X ижтимоий тармоғида.
У ўз постида Жазоир номини тилга олмаган бўлса-да, самарали дипломатия манфаатлар ва келишмовчиликларни тушуниш ҳамда бошқаришга боғлиқ эканини таъкидлади.
"Ноаниқлик сиёсат эмас ва шовқин-сурон истиқбол йўқлигининг ўрнини қоплай олмайди", дея қўшимча қилди Гаргаш.
Жазоир Ташқи ишлар вазирлигининг давлат ОАВлари томонидан тарқатилган баёнотида айтилишича, БААнинг хатти-ҳаракатлари эндиликда қабул қилиб бўлмайдиган даражага етган ва у "икки томонлама муносабатларни сақлаб қолишнинг барча чораларини тугатган".
Қўшимча қилинишича, БАА элчиси вазирликка чақирилиб, унга қарор ҳақида маълум қилинган ва мамлакатни тарк этиши учун 48 соат вақт берилган.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда бир қанча минтақавий масалаларда қарама-қарши позицияда бўлганликлари сабабли тобора таранглашиб бормоқда.
Жазоир Исроил билан дипломатик муносабатларнинг нормаллашувига қарши чиқмоқда, БАА ва Марокаш (Жазоирнинг қўшниси ва рақиби) эса АҚШ восичилигидаги "Иброҳим келишувлари" доирасида Исроил билан алоқалар ўрнатган.
БАА, шунингдек, суверенитет бўйича ўнлаб йиллар давом этаётган низода Марокашнинг Ғарбий Саҳрои кабирга бўлган даъвосини қўллаб-қувватлайди, Жазоир эса у ерда саҳроий халқи учун мустақил давлат барпо этишга интилаётган қуролли гуруҳ — Полисарио фронтини қўллаб-қувватлайди.

