Жавобсиз саволлар. ИИБ Жиззахда келиннинг камситилиши билан боғлиқ воқеага изоҳ берди

Жавобсиз саволлар. ИИБ Жиззахда келиннинг камситилиши билан боғлиқ воқеага изоҳ берди
Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари 6 сентябрь куни кўплаб куйиш жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган ёш аёлнинг воқеаси юзасидан изоҳ берди. ИИБ жароҳатлар борлигини тасдиқлади ва тергов бошланганини маълум қилди, бироқ жабрланувчи қандай шароитда жароҳат олгани ва бунга бошқа шахсларнинг алоқаси бор-йўқлигига аниқлик киритмади.
Шароф Рашидов тумани «Қаҳрамон» маҳалласида яшовчи аёл 6 сентябрь куни қайноқ сувдан куйиш жароҳати олганидан кейин Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига олиб келинган.
Шифокорлар аёлда тана юзасининг 6–8 фоизида 2–3-даражали куйишни ташхислашган. Жароҳатлар чап қўл ва елка, чап оёқ сони, ўнг тизза ва қорин соҳасига шикаст етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан тезкор-тергов гуруҳи тузилди. Терговчилар воқеа жойини кўздан кечириб, ашёвий далилларни расмийлаштиришди ва суд-тиббий экспертизасини тайинлашди.
8 сентябрь куни Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилди, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. ИИБ ҳодисанинг барча ҳолатлари, жумладан, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотлар текширилишини ва тергов якунлари бўйича воқеага ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.
Шу билан бирга, ушбу воқеани жамоатчиликка ошкор қилган «НемолчиУз» лойиҳаси гап беш киши иштирокидаги гуруҳли қийноқлар ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлигини даъво қилмоқда. Бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаган. Нашр муаллифлари, шунингдек, нима учун оила узоқ вақт давомида ишнинг бориши ҳақида маълумот олмагани ва нима учун ҳуқуқ-тартибот идоралари фақат воқеа ошкор бўлганидан кейин фаоллашгани ҳақида саволлар бермоқда.
Лойиҳа маълумотларига кўра, жабрланувчининг боласи ҳозирда онаси ва бувиси билан бирга, унинг соғлиғига ҳеч нарса таҳдид солаётгани йўқ. Аёлнинг куйган жойлари секин-аста битмоқда.

