Жанубий Кореяда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштиришда айбланди
Жанубий Кореяда бўлиб турган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланмоқда. Уларга Суриядаги террорчилик гуруҳига пул ва транспорт воситалари юборганлик айби қўйилмоқда. Кванджу полиция бошқармаси маълумотларига кўра, ўзбекистонликлардан бири 2024 йилнинг августидан 2025 йилнинг апрелига қадар «Катиба [...] гуруҳига 6,3 миллион вон (4600 доллар) миқдоридаги крипто-валютани етти марта ўтказган.

Жанубий Кореяда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштиришда айбланди
Жанубий Кореяда бўлиб турган тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросига терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги қонунни бузиш айби қўйилмоқда. Улар Суриядаги террорчилик гуруҳига пул ва транспорт воситалари юборганликда гумон қилинмоқда.
Кванджу полиция бошқармаси хабарига кўра, ўзбекистонликлардан бири 2024 йилнинг август ойидан 2025 йилнинг апрель ойига қадар БМТ томонидан террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилган «Катиба ат-Тавҳид вал-Жиҳод» (КТЖ) гуруҳига етти марта жами 6,3 миллион вон (4600 доллар) миқдорида криптоактивлар ўтказган.
29 ёшли эркак, шунингдек, КТЖдан криптоактивлар олганликда ҳам гумон қилинмоқда. У ушбу маблағларни Жанубий Кореяда умумий қиймати 170 миллион вон бўлган 11 та эскирган автомобиль ва иккита экскаватор сотиб олишга йўналтирган, шундан сўнг уларни Сурияга жўнатган.
Полициянинг фикрича, экскаватор ва автомобиллардан Сурияда КТЖ базаларини жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун фойдаланилган.
КТЖ — «Ал-Қоида» билан алоқадор бўлган ва асосан ўзбеклар ҳамда қирғизлардан ташкил топган қуролли гуруҳдир. 2022 йилда БМТ уни террорчилик ташкилоти деб тан олган.
Терговчиларнинг фикрича, гумонланувчи расман КТЖ аъзоси бўлмаган, бироқ гуруҳ аъзоси бўлган укасининг таъсири остида унга ёрдам беришни бошлаган.
Эркак апрель ойида — Интерпол унга нисбатан қизил билдиришнома (қидирув) эълон қилганидан бир ой ўтиб қўлга олинган. Кейинчалик унга айблов эълон қилиниб, ҳибсда қолдирилган.
Тергов аниқлашича, эркак Жанубий Кореяга 2017 йил август ойида D-2 талабалик визаси билан келган, Тэжондаги университетни тамомлаган, виза муддати 2023 йил январида тугаганидан кейин эса мамлакатда ноқонуний қолиб, Тэжонда яшаган ва қурилишларда кунлик ишчи бўлиб ишлаган.
Яна уч нафар Ўзбекистон фуқароси асосий гумонланувчига шериклик қилишда — хусусан, эскирган транспорт воситаларини излаб топишда айбланмоқда. Улар тергов қилинмоқда, бироқ озодликда қолмоқда.
Асосий гумонланувчининг иши аллақачон суд томонидан кўриб чиқилмоқда. Ҳукм 3 сентябрь куни эълон қилиниши керак, прокуратура саккиз йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини талаб қилган.

