Дунё

Жанубий Кореяда 19 нафар ўзбекистонлик қидирувга берилди

Жанубий Кореяда 19 нафар ўзбекистонлик қидирувга берилди

Жанубий Кореяда хорижда жиноят содир этиб, мамлакат ҳудудида яшириниб юрган 110 нафар чет эл фуқароси қидирилмоқда. Уларнинг 19 нафари Ўзбекистон фуқаролари экани айтилмоқда.

Қидирувдаги хорижликлар орасида Хитой фуқаролари 40 киши билан энг кўп. Кейинги ўринларда Ўзбекистон (19), Мўғулистон (17), Вьетнам (13), Қозоғистон (8), Россия (7) ва Қирғизистон (2 нафар) фуқаролари қайд этилган.

Қидирувдаги хорижликларнинг аксарияти, яъни 47 нафари фирибгарликда гумон қилинмоқда. Қолган ҳолатлар вояга етмаганлар ҳуқуқларини бузиш, одам ўғирлаш ва фоҳишалик (29 та), гиёҳванд моддалар савдоси (7 та), ўғрилик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ва тан жароҳати етказиш (ҳар бири 5 тадан) каби қилмишларга боғлиқ. Ўзбекистон фуқаролари айнан қайси жиноятларда айбланаётгани номаълум.

Сентябр ойида Жанубий Кореяда Суриядаги террорчи гуруҳга ёрдам беришда гумон қилинган тўрт нафар ўзбекистонлик қўлга олинганди. Улар террорчи гуруҳга пул ва транспорт воситалари юборгани айтилмоқда.

30 ёшлардаги асосий гумондор 2025-йил апрелидан бери қарийб саккиз ой давомида БМТнинг террорчилик ташкилотлари рўйхатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” гуруҳига 6,3 миллион вон (4 600 доллар) қийматидаги криптовалюта юборган. У, шунингдек, шу давр мобайнида ушбу гуруҳдан криптовалюта ҳам қабул қилиб олган. Эркак бу маблағга Жанубий Кореяда умумий қиймати 170 миллион вон бўлган 11 дона эски машина ва 2 та экскаватор сотиб олиб, уларни Сурияга жўнатган.

“Ал-Қоида”га алоқадор бўлган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” гуруҳи 2022-йилда БМТ томонидан террорчилик ташкилоти деб эълон қилинган. Терговчиларнинг айтишича, гумондорнинг гуруҳ билан расмий алоқаси бўлмаган. У гуруҳ аъзоси бўлган укаси билан боғлангач, ташкилотни қўллаб-қувватлашни бошлаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.