Жанубий Корея билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган Biome Center нима ўзи?
Ўзбекистонда Жанубий Корея билан ҳамкорликда ташкил этилаётган Biome Center ҳужайра технологиялари, геном тадқиқотлари ва биотиббий маълумотларни қайта ишлашни бирлаштиради. Илғор технологиялар маркази ҳузуридаги фаолият кўрсатаётган ўзак ҳужайралар банки ва «Ўзбекистоннинг 1000 геноми» лойиҳаси ушбу лойиҳанинг асосига айланади.

Ўзбекистонда Жанубий Корея билан ҳамкорликда ташкил этилиши режалаштирилаётган Biome Center нима ўзи?
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига ташрифи якунлари бўйича 14 сентябрь куни Сеулда ташкил этиш тўғрисида меморандум имзоланган Biome Center лойиҳаси тафсилотларини маълум қилди.
«Biome ғояси Фанлар академиясининг Илғор технологиялар марказида туғилган бўлиб, у ерда лойиҳани амалга ошириш бошлаб юборилган. Меморандумнинг имзоланиши уни ривожлантириш ва жаҳон андозаларига мос замонавий инфратузилмани яратишнинг янги босқичини бошлаб беради», — дейилади хабарда.
Фанлар академияси ҳужайра технологиялари дори-дармон ҳақидаги тасаввурнинг ўзини ўзгартираётганини таъкидлади: унинг асосини белгиланган хусусият ва функцияларга эга тирик ҳужайралар ташкил этиши мумкин.
«Бу ўсимталарга қарши курашиш, шикастланган тўқималарни тиклаш ва мавжуд усуллар етарли бўлмаган касалликларни даволаш учун янги имкониятлар очади. Бунинг учун бутун бир тизим керак: сифатли ҳужайра материали, унинг хусусиятларини чуқур тушуниш, замонавий лабораториялар, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш, ишлаб чиқариш қувватлари ва клиникалар билан ҳамкорлик. Бундай тизимни яратиш Biome лойиҳасининг моҳиятини ташкил этади», — дея тушунтирди ФА.
Биобанк олимлар ҳужайра маҳсулотларини ишлаб чиқишда фойдаланишлари мумкин бўлган ҳужайра материаллари коллекцияларини тўплайди ва сақлайди. Геном тадқиқотлари ҳужайра линияларининг ўхшашлиги, хусусиятлари, барқарорлиги ва хавфсизлигини аниқлаш учун зарур.
Биоинформатика ва сунъий интеллект ҳужайралар хусусиятларини тадқиқот ва синовлар натижалари билан солиштириш учун жалб қилинади.
«Шундай қилиб, Biome нафақат генетик маълумотлар базаси, балки тўлиқ циклли технологик платформа сифатида ҳам лойиҳалаштирилган: ҳужайра ва илмий тадқиқотдан тортиб, ҳужайра маҳсулотини ишлаб чиқариш ва уни клиникада қўллашгача бўлган жараённи қамраб олади», — дея қайд этди Фанлар академияси.
Илғор технологиялар марказида аллақачон Ўзбекистондаги биринчи ўзак ҳужайралар банки фаолият кўрсатмоқда, у ерда 1200 дан ортиқ намуна сақланмоқда.
«Ишлаб чиқилган ҳужайра маҳсулотлари куйишларни даволаш ва тўқималарни тиклашда, юз-жағ жарроҳлиги ва офтальмологияда қўлланилмоқда. Онкологик касалликларга қарши курашиш учун NK-ҳужайралар асосида препарат яратилган бўлиб, у амалиётга жорий этишга тайёрланмоқда».
Марказ фаолиятининг яна бир йирик йўналиши — «Ўзбекистоннинг 1000 та геноми» лойиҳасидир. 1200 дан ортиқ иштирокчининг қарийб 10 миллион генетик маркерни ўз ичига олган маълумотлари мамлакат аҳолисининг генетик харитасини яратиш учун асос бўлмоқда — бу ирсий хусусиятларни ўрганиш, касаллик хавфини прогноз қилиш ва персоналлаштирилган тиббиётни ривожлантириш учун ресурсдир.
«Шундай қилиб, Фанлар академиясида Biome лойиҳасининг асосий йўналишлари: ҳужайра технологиялари, геном тадқиқотлари ва амалий тиббиёт аллақачон бирлаштирилган. Янги марказ тўпланган компетенцияларни ягона илмий-технологик инфратузилмага айлантириш ва олиб борилаётган тадқиқотлар ҳамда ишланмалар кўламини сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради», — дея хулоса қилди ФА.

