Жанубий Америка пиранялари Малайзия дарёсида пайдо бўлди
Малайзиянинг Паханг штатидаги Клау дарёсида сўнгги 30 кун ичида иккинчи пираня ушланди. Мутахассислар балиқлар қизил қоринли пираня турига мансуб бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Жанубий Америкага хос ушбу балиқ Малайзия учун инвазив тур ҳисобланади ва маҳаллий экотизимга хавф туғдириши мумкин.

Жанубий Америка пиранялари Малайзия дарёсида пайдо бўлди
Малайзиянинг Паханг штати Рауб туманидаги Клау дарёсида яна бир пираня тутилди. Бу ҳақда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Жежак Аир Тавар ташкилоти маълум қилди.
Дастлабки баҳолашларга кўра, тутилган балиқ оддий ёки қизил қоринли пираня — Пйгосентрус наттерери турига мансуб бўлиши мумкин. Бу турнинг табиий яшаш ҳудуди Жанубий Америка дарёлари ҳисобланади. Малайзия сув ҳавзаларида эса пиранялар маҳаллий тур эмас ва инвазив организм сифатида баҳоланади.
Биринчи пираня 26-август куни Клау тўғони яқинида балиқчилар тўрига илиниб қолган эди. Тахминан бир ой ўтгач, айни ҳудуддаги дарёдан иккинчи шунга ўхшаш балиқ тутилди.
Малайзия Балиқчилик департаменти мамлакат сув ҳавзаларида қизил қоринли пираняларнинг барқарор популяцияси борлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқлигини билдирди. Шу сабабли икки балиқнинг тутилиши уларнинг дарёда кўпайиб кетганини тасдиқламайди. Бироқ қисқа муддат ичида иккита намунанинг аниқлангани мутахассисларда жиддий хавотир уйғотган.
**Биринчи балиқни ўрганиш имкони бўлмаган**
Август ойида тутилган биринчи балиқ фақат сурат орқали ўрганилган. Мутахассислар ташқи белгиларига қараб уни Пйгосентрус туркумига киритган, аммо фақат фотосурат асосида балиқнинг аниқ турини ишончли аниқлаб бўлмаслиги қайд этилган.
Балиқни тутган шахс унинг нобуд бўлгани ва кейин ташлаб юборилганини айтган. Шу сабаб мутахассислар биринчи намунани бевосита текшириш, ўлчамларини қайд этиш ёки генетик таҳлил ўтказиш имконига эга бўлмаган.
Иккинчи ҳолатда Жежак Аир Тавар вакиллари балиқчи билан боғланиб, ундан бир нечта сурат ва видеоларни олган. Материалларни кўздан кечирган мутахассислар иккинчи балиқ ҳам аввалгиси билан бир турга мансуб, деган дастлабки хулосага келган.
**Пираняларни кимдир сувга қўйиб юборган бўлиши мумкин**
Экологларнинг тахминига кўра, пираняларни кимдир атайлаб ёки эҳтиёцизлик оқибатида сув ҳавзасига ташлаб юборган. Бироқ улар тўғридан-тўғри дарёга қўйиб юборилганми ёки аввал Клау сув омборига ташланганми — ҳозирча номаълум.
Сув ҳавзасига нечта пираня чиқариб юборилгани ҳам аниқ эмас. Жежак Аир Тавар ташкилоти вакилларининг таъкидлашича, бундай балиқлар кўпинча якка ҳолда эмас, балки гуруҳ бўлиб қўйиб юборилади. Шу боис дарёда яна бошқа пиранялар бўлиши эҳтимоли истисно қилинмаяпти.

