Жаҳонгир Ўрозов "Рубин" сафида қанча маош олиши маълум бўлди

Жаҳонгир Ўрозовнинг "Рубин"даги маоши ошкор бўлди
Самарқанднинг "Динамо" жамоаси аъзоси Жаҳонгир Ўрозовнинг фаолиятини Россия Премьер Лигасида иштирок этувчи Қозоннинг "Рубин" клубида давом эттириши аввалроқ маълум қилинган эди. Спорт24 нашрининг хабар беришича, Ўрозов "Рубин"га ўтишдан олдин тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган.
Қозон клуби Самарқанднинг "Динамо"си билан шартноманинг барча шартлари бўйича келишувга эришди. 22 ёшли футболчи ҳозирда янги жамоаси билан машғулотларда қатнашмоқда ва бўлажак ўйинларга тайёргарлик кўрмоқда. Расмий трансфер яқин орада эълон қилиниши кутилмоқда.
"Рубин" Ўрозовнинг ижараси учун 100 000 евро тўлайди. Шартномада белгиланишича, агар ҳимоячи жорий мавсумда жамоанинг расмий ўйинларининг камида ярмида майдонга тушса, "Рубин" Ўрозовни 700 000 еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ўрозовнинг Қозондаги йиллик маоши 450 000 еврони ташкил этади. "Динамо"да эса у ойига тахминан саккиз минг доллар, йилига эса тахминан 96 минг доллар ишлаб топган.
Маълумот учун, Жаҳонгир Ўрозов Ўзбекистон Суперлигасидаги ўйинлари билан терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваронинг эътиборини тортган. Футболчи Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги илк ўйинида захирадан майдонга тушган бўлса-да, кейинги ўйинларда асосий таркибда ҳаракат қилди. Хусусан, Ўрозов Конго ДР миллий жамоасига қарши учрашувда 7 марта хавфли вазиятларни бартараф этган.

