«Жадидлар изидан» танлови: ғолибларга олий таълимга киришда имтиёз берилади
Танловда жадид маърифатпарварларининг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарларидаги ғояларни таҳлил қилишга қизиққан 6-8 ҳамда 9-10-синф

«Жадидлар изидан» танлови: ғолибларга олий таълимга киришда имтиёз берилади
Ўзбекистонда ўқувчилар учун «Жадидлар изидан» танловининг янги мавсуми старт олмоқда. Унда жадид маърифатпарварларининг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарларидаги ғояларни таҳлил қилишга қизиққан 6-8 ҳамда 9-10-синф ўқувчилари қатнашиши мумкин.
Республика «Келажак» маркази ташкиллаштираётган танловнинг туман ва шаҳар босқичлари октябр ойида, ҳудудий босқичи ноябрда, республика босқичи эса декабр ойида бўлиб ўтади.
Аввал ўқувчилар жадидлар ҳаёти ва ижодига доир тест ҳамда оғзаки саволларга жавоб беради. Кейинги босқичда эса бошқотирма ечиш, белгиланган асарларни таҳлил қилиш ва иншо ёзиш топшириқлари берилади.
Финалга чиққан иштирокчилар жадидлар ҳақидаги билимларини намойиш этиш билан бирга, ўзлари танлаган мавзу бўйича лойиҳа тақдим этади. Лойиҳалар мактаб, миллий таълим, хорижий таълим тажрибаси, тил, экология, театр, тарих, касб-ҳунар, матбуот, миллий қадриятлар ва хотин-қизлар каби йўналишларда тайёрланиши мумкин.
Танловга тайёргарликни мактаблардаги «Жадидлар изидан» клубларидан бошлаш мумкин. Президентнинг 2026 йил январдаги қарорига кўра, клуб аъзолари ўқиган китобларини муҳокама қилади ва йил давомида камида 20 та асар мутолаа қилади. Энг фаол клуб аъзоларини ҳар чоракда рағбатлантириш белгиланган.
Маълум қилинишича, танловнинг ўтган йилги мавсумида 656 171 нафар ўқувчи рўйхатдан ўтган. Ғолиблар Германиядаги Берлин ва Гамбург университетлари билан танишган.
Жорий мавсумда ҳам энг юқори натижа кўрсатган 14 нафар ўқувчи хорижий таълим саёҳатига юборилади.
Республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган битирувчиларга олий таълим муассасаларидаги касбий (ижодий) имтиҳонда энг юқори балл ажратилган фандан максимал балл олиш имтиёзи берилади. Ушбу имтиёздан танлов ўтказилган кундан бошлаб бир йил давомида фойдаланиш мумкин.
Танловда иштирок этиш учун аризалар 15 октябрга қадар «jadidlarizidan.uz» платформаси орқали қабул қилинади. Сайтда 6-8 ва 9-10-синф ўқувчилари учун алоҳида рўйхатдан ўтиш шакллари мавжуд.

