Маҳаллий

Измир Арт Строй устидан тергов: компаниянинг норасмий раҳбарига норасмий ёндашув қўлланмоқда

Тошкентда Измир Ҳоусе, Неом Товер каби лойиҳаларни амалга ошираётган қурувчи компания масъулларига нисбатан фирибгарлик аломатлари билан иккита жиноят иши қўзғатилган. Улардан бирида жабрланувчилар сони камида 430 киши, ҳисобланган зарар ҳозирча 173 млрд сўм. Компаниянинг расмий таъсисчиси қамоқда, унинг “орқасида турган асосий одам” эса терговдан яшириняпти, шундай бўлса-да қидирувга берилмаган. Пойтахт прокурорининг изоҳлашича, агар у ҳам қамаб қўйилса, зарарни ундириш масаласи умидсиз бўлиб қолади.

**"Измир Арт Строй" иши бўйича тергов: Компаниянинг норасмий раҳбарига нисбатан ноодатий ёндашув қўлланилмоқда**

Тошкентда "Измир Ҳоусе" ва "Неом Товер" каби лойиҳаларни амалга оширган "Измир Арт Строй" қурилиш компанияси масъулларига нисбатан фирибгарлик аломатлари билан иккита жиноий иш қўзғатилди. Ушбу ишлардан бирида жабрланганлар сони камида 430 кишини ташкил этиб, ҳозирча ҳисобланган зарар 173 миллиард сўмга етган. Компаниянинг расмий таъсисчиси ҳибсда бўлса-да, унинг "ортида турган асосий шахс" терговдан яширинмоқда, аммо қидирувга берилмаган. Пойтахт прокурорининг тушунтиришича, агар у ҳам қамоққа олинса, зарарни ундириш масаласи умидсиз ҳолга келиши мумкин.

Тошкентда "Измир Арт Строй" МЧЖнинг турар жой лойиҳаларидан хонадон сотиб олиш учун пул тўлаган кўплаб фуқаролар жиддий муаммоларга дуч келди. Қурилиш белгиланган муддатларда якунланмаганлиги сабабли шикоятлар келиб тушган ва натижада компания фаолияти юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Корхона таъсисчисига нисбатан ушбу жиноий иш доирасида "гаров" эҳтиёт чораси қўлланилган бўлса, бошқа бир жиноий иш бўйича у қамоққа олинган.

Гап Яшнобод туманидаги учта лойиҳа ҳақида кетмоқда: "Kun.uz" танишган тергов маълумотномасига кўра, "Измир Ҳоусе"да 1152 та, "Неом Товер" ва "Келажак уйлари"да жами 1536 та хонадон қурилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 90 фоизи сотилган.

2026-йил 25-июн куни ҳолат юзасидан фирибгарлик моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозиргача 430 киши жабрланувчи деб эътироф этилган.

Яқинда Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмонов шартнома тузган фуқаролар билан учрашди. Унда ички ишлар терговчилари томонидан берилган маълумотга кўра, иш бўйича ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра моддий зарар миқдори 173 миллиард сўмни ташкил этади. Бу рақам терговнинг ҳозирги босқичидаги маълумот бўлиб, тергов ва жабрланувчиларни аниқлаш жараёни давом этмоқда.

Учрашувда масъул ички ишлар ходими ҳолат бўйича қуйидагича қисқа тушунтириш берди: "2025-йилдан мурожаат қилишни бошлашган. Уларнинг шартномаларида 2026-йил охиригача муддат кўрсатилгани сабабли бу муаммо бўлиб келган. 2026-йил июн ойида жиноий иш қўзғатилди, бу вақтда ҳисобрақамида умуман пуллари бўлмаган. Қурилиш тўхтатилган, қурилиш учун маблағи йўқ. Ундан ташқари, фуқаролар мурожаат қилишни бошлаганидан кейин, ўзига таниш қурилиш фирмаларини шахсий илтимос билан чақириб, қурилиш кетаётгандек қилиб кўрсатиб, кўзбўямачилик қилинган".

**Бошқа жиноий иш ҳам мавжуд**

Пойтахт прокурори Анвар Ўрмоновнинг сўзларига кўра, ҳужжатларда "Измир Арт Строй" таъсисчиси сифатида Гулнора Давроновна Ҳакимова кўрсатилган бўлса-да, компаниянинг ортида Акмал исмли шахс туради – у бошқа бир жиноий иш доирасида терговдан яширинмоқда, аммо ҳали қидирувга берилмаган.

"Измир Арт Строй"нинг бошқа фирмаси ҳам бўлган, ана шу бошқа фирмаси Янгиҳаёт туманида бир фуқаронинг ерида у билан шерикчиликда "дом" қурмоқчи бўлишган. "Дом" қуришмаган, котлован қазишни бошлаб, сотув офиси қилиб қўйишган. Сотув офиси орқали фуқаролардан жами 7 миллиарддан ошиқ пул йиғилган. Менимча, у пуллар сизларнинг "дом"ингларга сарфланган бўлса керак, лекин аниқ билмайман қаерга кетганини. У ерда қурилиш бўлмаган, натижада фуқаролар: "Биз шунга пул тўлаяпмиз, лекин қурилиш бошланмаяпти, сотув офисини ҳам ёпиб қўйди, уларни тополмаяпмиз", деб бизга мурожаат қилишди. Бу ҳолат бўйича алоҳида иш қўзғатдик. Тергов Тошкент шаҳар прокуратурасида ўтказиляпти. Ўша иш бўйича "Измир Арт Строй"нинг расмий раҳбарини ва ўша ишга аралашган бошқа фуқароларни қамоққа олганмиз. Ҳозиргача аниқланган 7 млрд сўм зарарнинг 5 млрд сўмини улар бизга депозитга тўлаб берди. Бу – бошқа [Янгиҳаётдаги] иш бўйича. Лекин бунинг ортида турган асосий одам, сизлар билсанглар керак, Акмал исмли шахс экан. Акмал исмли шахс ҳозир терговдан яшириняпти. Биз уни қидирувга бермадик, санксия олмадик, сабаби ҳозир у ҳам қамалиб қолса, зарарни қоплаш ҳам тўхтайди, сизларнинг "дом"инглар ҳам тўхтаб қолади. [Зарарни ундириш масаласи] умидсиз бўлиб қолади-да. Уларни қамагандан кейин судга бериш керак бўлади, суд уларга ҳукм ўқийди. Уларнинг судланиб кетгани ҳеч кимга ечим бўлмайди, сизлар уйсиз қолишинглар эҳтимоли билан, биз уни энди нима қилишни ҳозирча ўйлаб турибмиз", – деди Ўрмонов.

**Қурилишга рухсат беришда темирйўл инобатга олинмаган**

Шаҳар прокурорининг айтишича, "Измир Ҳоусе" масаласининг бошқа жиҳати ҳам бор: темирйўл инобатга олинмагани сабабли қурилишга берилган рухсатнома бекор бўлиб кетган.

"Менга тушунтиришдики, Жарқўрғон кўчасида қурилган "дом" қурилишига рухсат бериш вақтида Қурилиш вазирлиги томонидан темирйўл ҳисобга олинмасдан қурилишга рухсат берилган. Кейинчалик темирйўл компанияси даъво ариза билан мурожаат қилиб: "Бу ерда бизнинг темирйўл "ветка"миз бор, қурилишга рухсат беришда бу ҳисобга олинмабди" деган. [Шундан кейин] Қурилиш вазирлигининг қурилишга берган рухсатномаси бекор қилинган. Бу нима дегани? Эртага бу уй битганда, шаҳарсозлик кенгашининг рухсатисиз қурилган деб ҳисобланади ва фойдаланишга қабул қилинмайди, натижада сизларга кадастр бериш имконияти йўқ бўлиб қолади. Ҳозир биз Жарқўрғон кўчасидаги бу қурилиш бўйича суд чиқарган қарор қанчалик қонунийлигини ўрганиб, суд қарорига протест келтириш масаласини кўрамиз. "Шаҳарсозлик рухсатномасининг бекор қилиниши нотўғри бўлган, бу ерда шунча фуқаронинг манфаати ётибди, мана бунақа жойлари бор эди, суд инобатга олмабди" деган мазмунда биз протест киритамиз. Суд жараёни бўлади, биз судда қурилишга берилган рухсатномани тиклаш учун курашамиз", – деди Анвар Ўрмонов.

Ҳозирда "Измир Арт Строй"нинг тўловга қобилиятлилиги иқтисодий судда кўриб чиқиляпти. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2026-йил 30-июлдаги ажрими билан компанияга нисбатан тўловга қобилияцизлик (банкротлик) тўғрисида иш қўзғатилиб, кузатув тартиб-тамойили жорий этилган. Бу – компания банкрот деб топилди дегани эмас, унинг кейинги молиявий ва ҳуқуқий тақдири иқтисодий суд жараёнида ҳал қилинади.

**Айрим блоклар бошқа компанияга сотилган**

"Измир Арт Строй"дан хонадон харид қилганлардан бирининг айтишича, у 2023-йил 24-октабрда шартнома тузган. Ўтган вақт давомида қурилиш бир неча марта кейинга сурилган, кейинчалик у сотиб олган хонадон жойлашган А ва Б блоклари бошқа компанияга ўтказилган.

"Қурилиш 2025-йилнинг биринчи чорагида тамомланади дейилган эди. Келиб қарасам, қурилиш тўхтаб қолибди", – дейди у.

Фуқаронинг айтишича, кейинчалик А ва Б блокларини бошқа компания сотиб олган. Аммо у янги компанияга мурожаат қилганида "Измир Арт Строй"дан олгансиз, деган жавобни олган. "Измир Арт Строй"га мурожаат қилганида эса блоклар бошқа компанияга сотилганини айтишган.

"Ҳозир сарсон бўляпмиз. Ҳали бу уйларни ола оламизми, йўқми? Иккита компаниянинг ўртасида қолиб кетди бу уйлар", – дейди фуқаро.

У хонадон учун 438 миллион сўм тўлагани ва тўловни тўлиқ амалга оширганини айтади.

**Лойиҳа ҳам ўзгарган**

Яна бир фуқаро эса иккита хонадон олганини, кейинчалик қурилаётган уйларнинг лойиҳаси ўзгарганини айтади. Унинг сўзларига кўра, 2025-йил май ойида қурилиш обьектига келганида аввалги лойиҳа ўрнига бошқа режа бўйича қурилиш кетаётганини кўрган. У янги вариантдаги хонадонни олишни истамаган ва шартномани бекор қилиш бўйича мурожаат қилган.

"2025-йил майидан бери сарсонмиз, пулимизни оломаяпмиз", – дейди у.

**Тергов шаҳар ИИББга ўтказилади**

Фуқаролар билан учрашувда Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмонов терговчиларнинг ҳисоботларини тинглади, фуқаролар эса ўзларини қизиқтираётган саволларни берди.

Жиноий иш Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси терговига ўтказилиши, қўшимча фуқаролар сўроқ қилиниши ҳамда компаниянинг мол-мулкини аниқлаш бўйича ишлар давом эттирилиши маълум қилинди.

"Бугундан ишни шаҳарга оламиз. Шаҳар ички ишлар бош бошқармаси терговига ўтказилади. Тез кунда ўша 500 дан ошиқ одамнинг сўроғини қиламиз", – деди Ўрмонов.

Прокурор, шунингдек, аниқланган мол-мулк ва бошқа активлар билан боғлиқ чоралар кўрилиши ҳамда фуқароларнинг уйларини битказиш имкониятлари кўриб чиқилишини айтди.

"Мен ҳаракат қиламан сизларга ёрдам беришга. Мен сизлар тарафман", – деди пойтахт прокурори.

"Kun.uz" вазиятни, тергов ва суд жараёнларини, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланишини кузатишда давом этади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.