Истеъмолчини қандай лақиллатиш мумкин
Ўзбекистонда шиша ва банкалар учун мажбурий депозит жорий этилмоқчи

Истеъмолчини қандай алдаш мумкин
Ўзбекистонда пластик ва шиша идишлар, шунингдек, ичимликлардан бўшаган алюминий банкалар учун мажбурий депозит тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини тақдим этаётиб маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, амалдаги тизим ўров-идишларни алоҳида йиғиш учун етарли иқтисодий рағбат бермайди. «Пластик ва шиша идишлар, шунингдек, ичимликлардан бўшаган алюминий банкалар учун мажбурий депозит тизимини жорий этиш зарур. Ихтиёрий тартиб амалиётда жорий этилмаган, бундай чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси эса пастлигича қолмоқда — бор-yoғи 6,2%», — деди у.
### Депозит тизими қандай ишлайди
Депозит тизими шуни назарда тутадики, маҳсулот нархига идиш учун залог (гаров) суммаси киритилади ва харидор бўш идишни махсус қабул қилиш пунктига топширгандан сўнг ушбу суммани қайтариб олиши мумкин. Масалан, Баъзи Европа мамлакатларида пластик ва шиша идишларни дўконларда ёки уларнинг ёнида ўрнатилган автоматлар орқали топшириш ва харид қилишда тўланган суммани қайтариб олиш мумкин. Шу тарзда йиғилган идишлар қайта ишлашга юборилади.
Қутбиддиновнинг сўзларига кўра, бу чиқиндиларни алоҳида йиғишни рағбатлантириш, қайта ишлаш учун хомашё ҳажмини ошириш ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш имконини беради. «Ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотларига тегишли инфратузилмани яратиш учун босқичма-босқич ўтиш даври берилиши керак», — деб таъкидлади у.
Мажлисда депозит миқдори қанча бўлиши, тизим оператори ким бўлиши, идишларни қаерда топшириш мумкинлиги ва янги қоидалар қачон кучга кириши мумкинлигига аниқлик киритилмади.
Шунингдек, депутатлар томонидан биринчи ўқишда маъқулланган қонун лойиҳасида мажбурий депозит тизими қайси кўринишда мустаҳкамлангани ҳозирча ноаниқ.
### Ўзбекистонда ишлатилган идишларни топширганлик учун аллақачон ҳақ тўланмоқда
Сентябрь ойида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Норвегиянинг TOMRA компанияси билан биргаликда ишлатилган идишларни махсус автоматлар — фандоматлар орқали қабул қилиш бўйича пилот лойиҳани ишга туширди.
23 сентябрь куни дастлабки қурилмалар Тошкентда ва Сурхондарё вилоятида ишлай бошлади. Пойтахтда фандоматлардан бири Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчаси, 7А-уйда жойлашган Экология миллий қўмитаси биноси олдида ўрнатилди.
Автоматлар пластик ва шиша идишларни, шунингдек, алюминий банкаларни қабул қилади. Идишнинг ҳар бир бирлиги учун 150 сўм миқдорида мукофот пули кўзда тутилган бўлиб, уни Click тўлов тизими орқали электрон ҳамёнга олиш ёки хайрия ишларига йўналтириш мумкин. Агар пилот лойиҳа самарадорлигини тасдиқласа, фандоматларни Тошкент ва бошқа ҳудудлардаги одамлар гавжум жойларда босқичма-босқич ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Бироқ, амалдаги механизм таклиф этилаётган депозит тизимидан фарқ қилади: ҳозирда аҳоли ичимликни харид қилишда залог тўламасдан, ишлатилган идишни топширганлик учун мукофот пули олмоқда. Келажакдаги депозит миқдори ҳозирча эълон қилинмаган.

