Иссиқ нонда Ватан тафти бор
Ҳа, Ватаннинг меҳри. Аммо, уни қуёшнинг тафти билан ҳам, қайноқ чойнинг ҳарорати билан ҳам ўлчаб

**Иссиқ Нонда Ватан Нафаси**
Тонг саҳарда қўлимни куйдирган иссиқ тандир нонининг ҳиди менга Ватаннинг қайноқ нафасини эслатди.
"Ассалому алайкум, нон келдими?" – эрта тонгда нонвойхонага кириб сўрадим.
"Ҳа, мана, ҳозиргина келтиришди. Елим пакетга солмайман, эритиб юборади," – деди нонвой иккита нонни узатар экан. "Эҳтиёт бўлинг, қўлингиз куймасин, жуда иссиқ."
"Жуда иссиқ"... Дўкондан чиқарканман, бу сўз қулоғимдан кетмади. Бу дунёда нондан ҳам иссиқроқ нима бор экан? Қуёшми? Йўқ, қуёш остида узоқ туриш ҳам зарарли. Ёки қайноқ чойми? Йўқ, қайноқ чой тилни куйдиради-ку! Балки, онанинг қучоғи, отанинг қувончи, Ватаннинг меҳри... Ҳа, Ватаннинг меҳри. Аммо уни қуёшнинг ҳарорати билан ҳам, қайноқ чойнинг иссиқлиги билан ҳам ўлчаб бўлмайди. Юртнинг илиқлиги қалбни иситади, кўнгилни шод этади. Бу илиқлик дилда абадий экан, инсон қаерга бормасин, ундан қанча узоқлашмасин, қайтиб келишни истайдиган бир жойи бўлади. У – Ватан!
Баъзан Ватан ҳақида ўйлаш учун катта воқеалар ҳам шарт эмас. Эрталаб эшикдан чиқиб, таниш кўчадан ўтиш, йўл-йўлакай саломлашадиган одамни кўриш, ўз тилида бир сўзни эшитишнинг ўзи кифоя. Масалан, қадрдон кўчаларимизда илиб қўйилган "Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!" шиорини ўқиб, 35 йил ичида Ўзбекистон эришган беҳисоб ўзгаришлар, атроф-муҳит гўзаллиги, тоғу-тошларнинг салобатини кўз олдимизга келтирамиз. Уйимиз яқинида тўп тепиб юрган, қумларга беланиб ўйнаётган болажонларнинг кулгусидан завқ оламиз. Ўқувчиларнинг хавфсизлиги-ю, ёшларнинг беташвиш сайр қилиб юришидан, ота-оналаримизнинг ишга қўрқувсиз бориб келишларидан хавотирланмаймиз. Сувсизликдан, нонсизликдан қийналишимиз эса, ҳатто, тасаввуримизга ҳам сиғмайди. Негаки, меҳнат қилсак, мол-мулк ва ноз-неъматларни бемалол харид қила олишимизга ишонамиз. Чунки юртимиз тинч.
Қаердадир портлаш содир бўлиши ёки кимдир жароҳатланиши мумкинлиги ҳақида ўйламаймиз ҳам. Шукрки, юртимизда тотувлик ҳукмрон. Кўз тегмасин. Айрим давлатлардаги каби ҳокимият талашуви, уруш йўқ бизда. Ҳамд айтишга арзигулик бойликларимиз етарли. Асосийси, эркимиз қўлимизда ва бунинг қадрини билиб яшашнинг ўзи катта бахт.
Биласизми, биз шу тинчлик бахтини ҳар куни кўрамиз. У биз билан бирга нафас олади. Эрталаб эшикни очганимизда, қарши олади. Кеч тушиб, уйимизга қайтганимизда, бағрига олади. Осуда ҳаёт бор жойда бола беғам кулади, она хотиржам меҳр кўрсатади, ота эса эртанги кун учун режа тузади.
Биз бўлсак, кўпинча кўз ўнгимиздаги мўжизаларни оддий ҳол, деб қабул қиламиз. Осмонга қараб, унинг мусаффолигидан ҳайратланмаймиз. Кўчаларда одамларнинг шошиб-қайтиб юрганига, бозорларда савдо-сотиқ қизғинлигига, мактабларда қўнғироқлар чалинаётганига, далаларда меҳнат қайнаётганига одатланиб қолганмиз. Аслида эса буларнинг ҳар бири тинч ҳаётнинг майда, лекин қимматли ва қийматли белгиларидир.
Ватанни севиш ҳам эҳтимол, шу оддий нарсаларни қадрлашдан бошланар. Унинг тупроғини ўпиш, баландпарвоз қасамлар ичиш ёки ҳар куни "Ватан" сўзини такрорлаш шарт эмас. Ўз ишингни сидқидилдан бажариш, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик, кўчадаги дарахтларни асраш, боланинг қўлидан тутиб, йўлдан ўтказиш, кексаларни ҳурмат қилиш, она тилидаги бир сўзни асраб-авайлаш ҳам Ватанга бўлган муҳаббатнинг бир кўриниши.
Ватан харитадаги чегаралардан таркиб топмаган. У тонгда деразамиздан тушган нур, тандирдан чиққан иссиқ нон ҳиди, онамизнинг "болам", деган бир оғиз сўзи, болаликда югурган кўчаларимиз, биринчи устозимизнинг овози... қайси томонга кетмайлик, барибир, соғинадиган манзилимиздир. Шунинг учун ҳам Ватаннинг меҳри ўлчанмайди. Уни ҳарорат кўрсаткичи билан ҳам, масофа билан ҳам, йиллар билан ҳам белгилаб бўлмайди. У инсоннинг қалбида бўлади. Қалбдаги бу илиқлик эса бир кун келиб, бизга яна ўша тонгни, ўша нонвойхонани, ўша таниш кўчани соғинтириб қўяди...
Шу хаёллар билан қўлимда икки дона иссиқ нонни олиб, нонвойхонанинг эшигидан чиқдим. Ич-ичимдан шуни англадимки, ноннинг иссиғи қўлимни илитади, Ватаннинг ҳарорати эса бутун умримга қувват беради.
Зулфизар Мавлонова

