Дунё

Исроилнинг Ливанга ҳужумлари оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Улар орасида 18 ёшли қиз ҳам бор

Исроилнинг Ливанга уюштирган ҳужумлари оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, улар орасида 18 ёшли қиз ҳам бор

Исроил қуролли кучларининг Ливаннинг жануби ва шарқига берган зарбалари натижасида 4 киши ҳаётдан кўз юмди, яна 32 киши жароҳат олди. Ҳалок бўлганлар орасида 18 ёшли қиз ҳам бор. Исроил армияси бу зарбалар “Ҳизбуллоҳ”га жавоб чораси бўлганини билдирди.

Исроил Мудофаа вазирлиги ҳам ҳужумлар нишонида ташкилотга алоқадор “террорчилар ва инфратузилма”, жумладан қурол-яроғ омборлари бўлганини қўшимча қилди. Исроил расмийларига кўра, икки кун аввал “Ҳизбуллоҳ” мамлакат қўшинлари жойлашган ҳудудга дрон учирган, бироқ ҳеч ким жароҳатланмаган.

Зарбалар Исроил армияси Ливан жанубидаги Али ал-Таҳир стратегик тепалиги устидан оператив назорат ўрнатилганини эълон қилганидан кўп ўтмай амалга оширилди. Исроилликлар бу ҳудудда “Ҳизбуллоҳ” жангчиларига тегишли туннеллар тармоғи топилиб, зарарсизлантирилганини маълум қилган. Ливан томони эса Исроилнинг тепалик устидан назорат ўрнатгани ҳақидаги хабарларни расман тасдиқламади.

Воқеа жойидан хабар берилишича, Исроил зарбаларида ҳалок бўлган 18 ёшли қиз Марям Саламеҳ эди. Марҳуманинг қариндоши Али Сулаймон журналистга берган интервюсида оила Исроил бомбардимонлари сабаб олти ой давомида кўчиб юрганини, бироқ Исроил зарба беришидан бир кун олдин ўз уйларига қайтганини айтди.

“Бу ерда қандай нишон бор эди? Бу ерда ҳаммаси тинч аҳоли эди”, деган у.

Сулаймоннинг сўзларига кўра, яқинда Марямга мактабни аъло баҳолар билан тугатгани учун фахрий ёрлиқ берилган эди. Аммо бугун унинг оиласида яна бир ҳужжат бор — ўлимни тасдиқловчи гувоҳнома.

“Ҳизбуллоҳ” Исроил берган зарбаларни қоралади. Бу ташкилотнинг Исроил Али ал-Таҳир тепалигини эгаллагани ҳақидаги хабарлардан кейинги илк расмий муносабатидир. Бироқ баёнотда ушбу тепалик тилга олинмаган.

Зарбалар Исроил томони беш нафар ливанлик маҳбусни озод қилганидан кўп ўтмай юз берди. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси улардан тўрт нафарининг Ливанга қайтарилишига ёрдам берди. Яна бир киши эса бундан бир кун аввал озод қилинган эди.

“Ҳизбуллоҳ” маҳбусларнинг озод этилишини муҳим деб атади. Бироқ бу ҳолат Исроилнинг “тажовуз ва ишғол сиёсатини” давом эттиришига кўз юмиш учун баҳона бўла олмаслигини таъкидлади. Ташкилот, шунингдек, Ливан ҳукуматининг Исроил билан олиб бораётган тўғридан тўғри музокараларини ҳам танқид қилди.

Ливан ва Исроил ўртасидаги вазият март ойидан бери кескинлигича қолмоқда. Ўшанда “Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва Исроилга қарши уришаётган Эронни қўллаб-қувватлаш учун Исроилга ҳужум қилган эди. Исроил бунга ҳаво ҳужумлари ва қуруқлик босқини билан жавоб қайтарган. Ливан томонининг маълумотига кўра, март ойидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 4 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.