Исроиллик футболчи голни нишонлаш пайтидаги ҳаракати учун қизил карточка олди

Исроиллик футболчи голни нишонлаш чоғидаги ҳаракати учун қизил карточка олди
Исроил терма жамоаси ҳужумчиси Саид Абу Фарчи Австрияга қарши УЕФА Миллатлар лигаси Б-дивизионининг 3-гуруҳ учрашувида голни нишонлаш пайтидаги ҳаракати сабаб майдондан четлатилди. Исроил терма жамоаси Австрияга 1:3 ҳисобида ютқазди.
Австриянинг Линз шаҳридаги “Реиффеизен Арена” стадионида бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар Романо Шмидтнинг пеналтидан урган голи эвазига ҳисобни очди. Абу Фарчи 55-дақиқада бош билан гол уриб, ҳисобни тенглаштирди.
Голни нишонлаш вақтида 20 ёшли футболчи бурчак байроғини олиб, ундан қурол сифатида фойдаланаётгандек ҳаракат қилди. Ҳакам бундан тўрт дақиқа олдин унга сариқ карточка кўрсатган эди. Шу боис Абу Фарчи нишонлашдаги ҳаракати учун иккинчи сариқ карточкани олиб, майдондан четлатилди. Натижада Исроил учрашувнинг қолган қисмини 10 нафар футболчи билан ўтказди.
Австрия футболчилари рақибнинг бир киши кам бўлиб қолганидан самарали фойдаланди. 90-дақиқада Филипп Мвене Пол Ваннернинг узатмасидан кейин ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Қўшиб берилган вақтда эса Саса Калайжич яқин масофадан гол уриб, Австриянинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

