Исроилдаги сайловлар: Нетаняҳу блоки олдинда, аммо кўпчилик ўринни қўлга кирита олмади
Исроилда ўтган парламент сайловларида бош вазир Бинямин Нетаняҳу бощилигидаги блок етакчилик қилмоқда. Бюллетенларнинг 93 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, Нетаняҳуни қўлловчи партиялар 53 та, мухолифат эса 48 та мандатга эга бўлмоқда. Парламентда кўпчиликни шакллантириш учун 61 та ўрин зарур.

Исроилдаги сайловлар: Нетаняҳу блоки етакчилик қилмоқда, бироқ кўпчилик ўринга етмади
Исроил парламентига бўлиб ўтган сайловларда мамлакатнинг амалдаги бош вазири Бинямин Нетаняҳуни қўллаб-қувватловчи блок олдинда кетмоқда, деб хабар бермоқда Тҳе Тимес оф Исраел Марказий сайлов комиссиясига таяниб.
Бюллетенларнинг 93 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, Нетаняҳу коалицияси Кнессетдаги 120 ўриндан 53 тасини қўлга киритмоқда. Шундан 26 та мандат бош вазирнинг шахсий “Ликуд” партиясига тегишли.
Исроил армияси Бош штабининг собиқ раҳбари Гади Айзенкот бощилигидаги мухолифат блоки 48 ўринга даъвогарлик қилмоқда.
Араб партияларидан иборат икки сиёсий куч эса ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этиб, 19 та мандатга эга бўлди. Ҳукумат тузиш ва етакчи коалицияга айланиш учун сиёсий блок камида 61 та ўринга эга бўлиши керак.
Қолган овозлар яқин кунларда санаб чиқилади. Сайловнинг расмий натижалари 4-ноябр куни эълон қилиниши кутилмоқда. Ҳам Нетаняху, ҳам Айзенкот ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилиб, ҳукуматни айнан ўзлари тузишларини билдирди.
“Ўнг қанот блоки сионистик жамоатчилик ва давлатни қўллаб-қувватловчи барча кучлар орасида яққол, ҳал қилувчи устунликка эга. Биз кучли миллий ўнг ҳукумат қуришимиз лозим. Исроилни хавф остига қўйиб, сионизмга қарши араб партияларига таянадиган ҳукумат тузишга асло йўл қўйиб бўлмайди”, — деди Нетаняҳу.
Айзенкот эса Исроил халқи амалдаги раҳбариятни алмаштириш учун овоз берганини таъкидлади.
“Жамият ўзгаришни танлади. „Омадсизлар коалицияси“ халқ ишончини оқлай олмади. Исроилликлар Бинямин Нетаняҳунинг бош вазир лавозимида қолишига қарши овоз берди. Мен халқ хоҳиш-иродаси барча фуқаролар манфаатига хизмат қилувчи барқарор ва фаровон сионистик ҳукуматга айланиши учун ҳамкорларим билан бирга иш олиб бораман”, — деди у.
Агар бирорта ҳам партия керакли миқдордаги ўринни ололмаса, мамлакатда коалиция тузиш босқичи бошланади. Овозлар тўлиқ санаб бўлингач, мамлакат президенти партиялар етакчилари билан музокара ўтказади ва кўпчилик депутатларнинг қўлловига эриша оладиган номзодга янги ҳукуматни тузиш топшириғини беради.
Коалиция шакллантириш учун 28 кун берилади, зарур бўлса, бу муддат яна 14 кунга узайтирилади.
Агар кўрсатилган номзод белгиланган вақтда ҳукумат туза олмаса, президент бу вазифани бошқа бировга юклаши мумкин. Иккинчи уриниш ҳам натижа бермаса, Кнессет депутатлари президентдан бошқа бир учинчи номзодни кўрсатишни сўраш ҳуқуқига эга.
Шундан сўнг ҳам келишувга эришилмаса, мамлакатда янги парламент сайловлари тайинланади.

