Исроилда сайлов яқин: ҳукумат ўзгариши мумкин
27-октабр куни Исроилда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Бу 7-октабр воқеаларидан кейинги илк сайлов. Нетаняҳу ҳар қанча таъсирли нутқ сўзлаб юрмасин, уни яққол фаворит деб бўлмайди. Амалдаги ҳукуматга мухолиф кайфиятдагилар орасида Нетаняҳуни сайловда енгишни уддалаган номзодлар ҳам бор.

Исроилда сайлов яқинлашмоқда: ҳукумат алмашиши эҳтимоли бор
Нетаняҳу учун иш осон кечмайди
Сўровлар Нетаняҳу партиясига озгина устунлик бераётганини кўрсатмоқда. Бу эса Исроил жамияти бир овоздан Нетаняҳу ва унинг уруш кампаниясини қўллаб-қувватлаётгани йўқлигини англатади. Мухолифатнинг асосий эътирози шуки, Нетаняҳу ҳукумати ҲАМАСнинг 7-октабрдаги ҳужумини ўтказиб юборган. Уларнинг фикрича, Нетаняҳу бу даҳшатли ҳужумнинг олдини олиш, дастлабки дақиқаларда тўғри чоралар кўриш ва айбдорларни жазолаш ўрнига, воқеани сиёсийлаштириб, уни ўз манфаатлари йўлида ишлатган. Улар ҲАМАС ҳужумининг олдини ололмагани учун амалдаги ҳукумат жазоланиши керак, деб ҳисоблайди.
Нетаняҳунинг асосий рақиби — «Яшар» партияси етакчиси Гади Эисенкот. Бу генерал бир вақтлар Исроил армиясида штаб бошлиғи бўлган. Нетаняҳу тарғибот видеоларида асосан айнан уни танқид қилишга урғу бермоқда. Бундан генерал сайловда бош вазирнинг асосий рақибига айланиши кўриниб турибди.
Эисенкот илгари ҳудудда икки халқ учун икки давлат тузилишини қўллаб-қувватлаган, бироқ ҲАМАСнинг 7-октабрдаги ҳужумидан кейин бу масала энди муҳокама мавзуси эмаслигини айтган эди. Яъни, ҲАМАС ҳужуми унинг Фаластин давлати тузилиши кераклиги ҳақидаги қарашини ўзгартирган. Генерал сайловда ғалаба қозонса, Ғазода ҲАМАС бошқарувига чек қўйиш ва Исроилнинг халқаро обрўсини тиклашга ваъда бермоқда.
Қайси партияга овоз бериш борасидаги сўровларда Нетаняҳу партияси кичик фарқ билан олдинда, «Ким бош вазир бўлишга муносиб?» деган сўровда эса генерал Эисенкот Нетаняҳуни анча катта фарқ билан ортда қолдирган. Бироқ бу сайлов натижалари айнан шундай бўлишини англатмайди. Исроилдаги сайлов тизими бутунлай бошқача: бу ерда бир партия яққол устунлик билан ғалаба қозона олмайди, жамият ниҳоятда ранг-баранг, шу сабаб коалиция тузмасдан парламентни назорат қилишнинг иложи йўқ.
Эисенкот фонида Нетаняҳу жуда радикал кўринади. Масалан, Эисенкот Исроилдаги арабларни эътибордан четда қолдирмаслик кераклигини айтади. Чунки мамлакат аҳолисининг 20 фоизини араблар ташкил этади. Нетаняҳу ва унинг тарафдорлари эса арабларни очиқчасига бўлмаса ҳам, радикал ва террорга мойил деб билади. Буни уларнинг баёнотлари ва ҳаракатларидан англаш қийин эмас.
Нетаняҳу Фаластин ерларида тинимсиз яҳудий манзилгоҳлари қуришни ўйлаб, ўнлаб йиллар давомида бу ишни амалга ошириб келган. Эисенкот эса Фаластин ерларида яҳудийлар учун уйлар қуриш вазиятни фақат янада ёмонлаштиради, деб ҳисоблайди. Нетаняҳу доим уруш ҳақида гапириб, Исроилни тўлиқ милитаризациялашган, Эрон, Ливан, Сурия ва умуман атрофдаги ҳамма билан урушадиган армияга айлантиришни истайди. Эисенкот эса азалдан узоқ муддатли тинчлик тарафдори бўлиб келган.

