Исроил шахматчилари миллий байрам сабаб Олимпиаданинг бир турини ўтказиб юборди

Исроил шахматчилари миллий байрам туфайли Олимпиаданинг бир турини ўтказиб юборди
Исроил терма жамоаси Ём Киппур (яҳудийликдаги энг муқаддас байрам) сабаб 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 6-турида қатнашмади. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) матбуот хизмати хабар берди.
Самарқандда 28-сентябрга қадар давом этаётган мусобақанинг 6-турида Исроилнинг эркаклар жамоаси Нидерландияга, аёллар жамоаси эса Болгарияга қарши ўйнаши керак эди.
ФИДЕ маълумотига кўра, Ём Киппур 20 ва 21-сентябр кунларига тўғри келгани учун Исроил томони ўйинлар жадвалига ўзгартириш киритишни сўраган. 5-турда Исроил жамоаларининг рақиблари учрашувларни одатдагидан эртароқ бошлашга рози бўлган. Шу сабаб эркаклар ўртасидаги Исроил — Сингапур ҳамда аёллар ўртасидаги Исроил — Колумбия учрашувлари бошқа меҳмонхонага кўчирилган.
6-тур учун эса Исроил томони баҳсларни кечроқ бошлаш ёки уларни 22-сентябр — Олимпиададаги дам олиш кунига кўчиришни таклиф қилган. Бироқ ФИДЕ икки Исроил жамоасининг рақиблари билан боғланганда, улар расмий жадвалдан ташқари бошқа вақтда ўйнашга рози бўлмаган.
ФИДЕ матбуот хизматининг таъкидлашича, рақиб жамоалар бундай таклифни рад этишга ҳақли.
Шу боис Исроил жамоалари 6-тур учрашувларини белгиланган вақтда бошлай олмаса, мусобақа регламентига мувофиқ бу баҳслар бекор қилинади.

