Исроил Мадримов ва Рустам Ассакалов давлат мукофоти билан тақдирланди

Исроил Мадримов ва Рустам Ассакалов давлат мукофотларига сазовор бўлишди.
Президент Шавкат Мирзиёев 22-август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат, шунингдек, ОАВ ходимларидан бир гуруҳини тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ушбу фармонга кўра, жамиятда тинчлик, тотувлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини сақлаш, ёшларни ватанга муҳаббат ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги самарали хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун қуйидагилар мукофотланди:
“Меҳнат шуҳрати” ордени билан:
Ассакалов Рустам Схатбиевич — Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи.
“Дўстлик” ордени билан:
Мадримов Исраил Модрахимович — профессионал боксчи.
Маълумот учун, Исроил Мадримов ҳаваскор боксда Осиё чемпионати ва Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритган. Профессионал рингда эса у 14 та жанг ўтказиб, 11 та ғалаба, 2 та мағлубият ва 1 та дуранг натижасини қайд этган. Кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг, 2026-йил январ ойида Луис Давид Салазар устидан ғалаба қозониб, муваффақиятли қайтишга эришган эди.
Рустам Ассакалов эса Ўзбекистон терма жамоаси таркибида икки карра Жаҳон чемпионати совриндори бўлган. Бундан ташқари, у Боку-2017 ва Коня-2021 Ислом бирдамлик ўйинларида бронза ва олтин медалларини қўлга киритган. Париж Олимпиадасидаги иштирокидан сўнг профессионал спортчилик фаолиятини якунлаб, терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланган эди.

