Исроил АҚШдан Саудия Арабистонига Ф-35 сотилгани учун “компенсация” талаб қилмоқчи — ОАВ

Исроил АҚШдан Саудия Арабистонига Ф-35 сотилгани учун “компенсация” сўрамоқчи — ОАВ
АҚШ Исроилни Саудия Арабистонига 25 миллиард долларлик Ф-35 қирувчи самолётлари сотиш режасидан хабардор қилган. Шу сабаб Исроил Вашингтондан ҳарбий технологиялар ва қурол-яроғ тизимлари шаклида “компенсация” талаб қилишни кўзламоқда.
Валла манбасининг билдиришича, Исроил армияси Яқин Шарқдаги бошқа ҳеч бир давлатда Ф-35 сингари қирувчи самолётлар бўлишини истамаган. Бундай вазият Исроилнинг минтақадаги ҳарбий устунлигини сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин эди.
Шу билан бирга, битим яқин кунларда имзоланса ҳам, Саудия Арабистони илк Ф-35 самолётини фақат беш йилдан сўнг олиши кутилмоқда.
Исроил армияси мамлакат ҳаво кучлари Ф-35 самолётларига эга бошқа давлатларга нисбатан ҳануз сезиларли устунликка эга эканини таъкидламоқда. Бу устунлик, хусусан, сўнгги уч йил давомида Исроил учувчилари орттирган катта жанговар тажриба ҳамда Исроилда ишлаб чиқилган қурол тизимларини Ф-35 — Исроил қуролли кучларидаги “Адир” самолётларига интеграция қилиш имконияти билан изоҳланади.
Бундан ташқари, Исроилда Ф-35 учун илғор технологияларни ишлаб чиқишда фойдаланилган “Адир” синов самолёти мавжуд. АҚШда эса бундай самолёт йўқлиги қайд этилган.
Исроил хавфсизлик тизимидаги яна бир манба ҳаво кучларининг устунлиги “нафақат самолётнинг ўзида, балки, аввало, одамларда” эканини айтган.
Исроил АҚШдан янги қуроллар талаб қилмоқчи
Саудия Арабистони ва АҚШ ўртасидаги эҳтимолий Ф-35 битими ҳамда Яқин Шарқдаги қуролланиш пойгаси фонида Исроил АҚШ маъмурияти билан келгусидаги қурол харидлари бўйича музокараларни қайта кўриб чиқмоқчи.
Исроил “компенсация” сифатида АҚШ илгари сотишга рухсат бермаган қурол тизимларини харид қилиш имкониятини талаб қилиши мумкин. Шунингдек, мамлакат махфий қурол тизимларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришда иштирок этишни ҳам истамоқда.
Исроил армиясининг эътиборида нафақат замонавий жанговар самолётлар ва янги авлод кам кўринувчан қирувчилар, балки космик қуролларни ишлаб чиқиш, шунингдек, АҚШ билан “Ҳетз-4” ва “Ҳетз-5” ракетага қарши мудофаа тизимлари учун тутиб қолувчи ракеталарни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик масалалари ҳам бор.
АҚШ ҳозирча Исроилга айрим замонавий қурол турларини сотишга рухсат бермаган. Улар орасида мустаҳкам ерости обьектларини йўқ қилиш воситалари, чуқур ерости иншоотларига қарши тизимлар, автоном зарба берувчи қуроллар ва дронлар бор.
Айни пайтда Исроилга учинчи Ф-15 эскадриляси ҳамда қўшимча Ф-35 эскадриляларини молиялаштириш қийин бўлмоқда.
Шу ҳафта бюджет билан боғлиқ муаммолар, вазирликлар ўртасидаги келишмовчиликлар, шунингдек, коалиция ва мухолифат ўртасидаги зиддиятлар Апаче жанговар вертолётларини харид қилиш бўйича битимларни тўхтатиб қўйди. Бу ҳолат ракетага қарши мудофаа учун тутиб қолувчи ракеталар ишлаб чиқарилишига ҳам салбий таъсир кўрсатган.
Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти 17-сентябр куни Лоскҳеед Мартин компаниясининг Саудия Арабистонига Ф-35 Лигҳтнинг ИИ қирувчи самолётлари сотувини маъқуллаганди.
Давлат департаментига кўра, қирувчи самолётларни сотиш учун Конгресснинг рухсати ҳам талаб этилади. Қиймати 24,3 миллиард долларга баҳоланган таклиф 48 та ҳарбий самолёт ва 49 та Пратт & Вҳитней двигатели, алоқа ускуналари ва бошқа ёрдамчи жиҳозларни ўз ичига олади.

