Сиёсат

Испанияда уй-жой ислоҳоти муваффақияцизликка учрагач, парламент тарқатиб юборилди

Сўнгги кунларда бутун мамлакат бўйлаб юқори ижара нархларига қарши намойишлар бўлиб ўтаётганди. Барчаси Мадридда 87 ёшли аёлни уйдан чиқариб юборишга уринишдан кейин бошланган.

Испанияда уй-жой ислоҳоти муваффақияциз тугагач, парламент тарқатиб юборилди

Испания бош вазири Педро Санчес парламентни тарқатиб юбориб, навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини маълум қилди.

Ўтган ҳафта унинг ҳукумати уй-жой инқирозига қарши чоралар юзасидан овоз беришда мағлубиятга учраган эди. Сўнгги бир ҳафта ичида айнан шу инқироз мамлакат сиёсий ҳаётининг бош мавзусига айланди.

Ўнг қанот партиялар ҳукуматнинг қиммат уй-жойларга қарши чораларини тўсиб қўйди.

Парламентда 2-октабр куни бўлиб ўтган овоз беришда ҳукуматнинг ижарачиларни ҳимоя қилишга қаратилган иккита фавқулодда декрети кўриб чиқилди. Унда 2030-йилгача кўчиришларга мораторий жорий этиш, шунингдек, уй-жойларни қисқа муддатли ижарага бериш ҳамда хоналарни алоҳида ижарага беришга чекловлар киритиш таклиф қилинган эди. Консерватив Халқ партияси, ултраўнг Вох ва каталонларнинг Жунц партияси бунга қарши чиқди. Халқ партияси ўз позициясини изоҳлаб, уй-жой билан таъминлаш муаммосини чекловлар орқали эмас, балки янги қурилишлар ҳисобига ҳал қилиш кераклигини таъкидлади.

Парламентдаги овоз бериш мамлакат бўйлаб 87 ёшли Марикармен Абаскални ҳимоя қилиш учун ўтказилган намойишлардан сўнг бўлиб ўтди.

Бу аёл ўз квартирасини қарийб 70 йил аввал ижарага олган эди. 2018-йилда унинг квартираси жойлашган кўчмас мулкни Урбагестиóн номли инвестиция компанияси сотиб олди ва ижара нархини бир неча бараварга оширди. Бу сумма ижарачининг пенсиясидан ҳам юқори эди, шунга қарамай у эски нархда — 500 евро тўлашда давом этди. Компания уни уч марта квартирадан чиқаришга уринди, бироқ суд бу қарорни тўхтатди. Тўртинчи уринишда эса аёл замбилга солинган ҳолда уйдан куч билан олиб чиқилди ва шундан кейин у шифохонага тушди. Кекса аёлнинг квартирасидан мажбуран чиқариб юборилаётгани акс этган кадрлар жамоатчиликда катта резонанс уйғотди. Мадридда бошланган намойишлардан кейин унга шу квартирада яшашда давом этишга рухсат берилди.

Бироқ вазият шу билан тинчимади: юқори ижара нархларига қарши аксиялар бошқа шаҳарларга ҳам ёйилиб, сўнгги пайтлардаги энг йирик норозилик намойишларига айланди.

3-октабр куни 50 га яқин шаҳарда намойишлар бўлиб ўтди ва ташкилотчиларга кўра, уларда қарийб 500 минг киши қатнашди. Фақат Мадриднинг ўзида 70 минг киши кўчаларга чиқди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.