Иқтисодиёт

Исломий банклар фаолияти бўйича 10 та ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди

Адлия вазирлиги томонидан исломий банклар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат

Исломий банклар фаолиятига оид 10 та ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди.

Адлия вазирлиги томонидан исломий банклар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" Телеграм канали хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг 2026-йил 27-мартда қабул қилинган ЎРҚ–1126-сон Қонуни ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган. Ушбу қонунга мувофиқ мамлакатда исломий банк фаолияти расман жорий этилган.

Қонунни амалга ошириш мақсадида давлат рўйхатидан ўтказилган 10 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар исломий банклар фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилишнинг асосий механизмларини белгилаб беради.

Янги ўзгартишлар билан банклар ва банклар гуруҳларида таваккалчиликларни бошқариш тизими такомиллаштирилди. Шунингдек, тижорат банкларининг кўчмас мулк, бошқа мол-мулк ҳамда юридик шахслар устав капиталидаги улушларни сотиб олишига доир талаблар қайта кўриб чиқилди.

Ҳужжатларда бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг юқори миқдорини белгилаш тартиби ҳам такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, тижорат банкларида корпоратив бошқарувни ташкил этиш ҳамда банкларнинг Омонатларни кафолатлаш жамғармасига бадаллар тўлаш тартибига оид ҳуқуқий механизмлар ҳам янгиланди.