Иқтисодиёт

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ажратиш режалаштирилмоқда

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилади. Шу ҳақдаги президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бериш режалаштирилмоқда

Лойиҳага кўра, 2026/2027-йилги иситиш мавсумида, жумладан, жорий йилнинг ноябр ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Ушбу маблағ 2026-йил 30-ноябрга қадар фуқароларнинг ижтимоий карта ёки банк картасига ўтказилади.

Ёрдам Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга берилади. Шунингдек, реестрга кирмаган, бироқ «маҳалла еттилиги» хулосаси ва идоралар ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида мезонга мос келадиган, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) 2 бараваридан ошмайдиган оилалар ҳам қамраб олинади. Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестридаги фуқаролар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам ёрдам олади.

Газлашмаган ва табиий газ етиб бориши қийин ҳудудларда иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий меёри 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатгача оширилади.

Марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар учун даромад мезони Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда МИХ 2 баравари, Тошкент шаҳрида эса 3 баравари этиб белгиланмоқда.

Қўшимча рўйхатни шакллантиришда биринчи навбатда боқувчисини йўқотган оилалар, И ёки ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари бор оилалар, ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган оилалар, узоқ муддатли даволанишга муҳтож шахслар яшовчи оилалар инобатга олинади. Бундай рўйхатдаги оилалар сони тегишли туман (шаҳар) бўйича Реестрдаги оилалар сонининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.

Бундан ташқари, электр энергияси ва табиий газ бўйича компенсация, кўмир учун ёрдам ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали бериладиган ёрдам олиш учун даромад мезонини МИХ 2 бараваригача ошириш таклиф этилмоқда. Электр ва табиий газ бўйича компенсация муддати 2028-йил 1-апрелгача, кўмир учун ёрдам муддати эса 2029-йил 1-январгача узайтирилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳасига кўра, 2026-йил 1-ноябрдан аҳолига кўрсатиладиган марказлашган иситиш ва иссиқ сув хизматлари учун янги тарифлар жорий этилиши кутилмоқда. Иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини 2030-йилга қадар босқичма-босқич таннарх даражасига етказиш кўзда тутилган.

Тарифларни ўзгартириш билан бирга, соҳада харажатларни қисқартириш ва хизмат сифатини оширишга қаратилган чоралар ҳам белгиланмоқда. Жумладан, бир ой муддатда иссиқлик энергияси таннархини 15 фоизгача камайтириш дастури ишлаб чиқилади, корхоналар 2026-йил якунига қадар «Биллинг» дастури билан қамраб олинади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.