Иқтисодиёт

Ишонч билан факт бўйича

Марказий Осиёда ислом молияси: ривожланиш муаммолари ҳали жуда кўп

**Амалдаги эътиқод билан**

Инвестицияларни жалб қилиш масаласи бир неча йилдан бери бутун дунё мамлакатлари кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Молиялаштиришни қанчалик тез ва ҳамёнбоп олиш мумкинлигига саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инфратузилмани қуриш ва янгилаш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу мавзу, айниқса, сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётидаги ўз позицияларини мустаҳкамлаш ва модернизацияни жадаллаштириш учун очилган имкониятдан фойдаланишга интилаётган Марказий Осиё мамлакатлари ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллайди. Шу бошудан Марказий Осиё давлатлари орасида Форс кўрфази ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидан маблағларни жалб қилиш имконини берувчи ислом молиявий инструментларига сезиларли қизиқиш уйғонмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, замонавий ислом молияси (ИМ) тизими шаклланиши 1970-йилларданоқ бошланган, 1975 йилда эса Дубайда биринчи ислом тижорат банки ҳисобланган Dubai Islamic Bank ўз фаолиятини бошлаган. Вақт ўтиши билан мусулмон мамлакатлари молиявий институтларининг вакиллари нафақат Яқин Шарқ, Осиё ва Африкада, балки Европада ҳам пайдо бўла бошлади. Натижада 2025 йилга келиб ислом молия муассасалари ва капитал бозорлари дунёнинг 90 га яқин мамлакатида фаолият юритаётган эди, уларнинг жами активлари эса деярли $6 трлнга етди, таҳлилчиларнинг прогнозларига кўра, бу кўрсаткич 2028 йилга бориб $7,5 трлнгача ўсиши мумкин.

Моҳиятига кўра, ИМ шариат тамойилларига мос келадиган молиявий хизматлар ва операцияларни англатади. Унинг замирида пул заёмлари бўйича фоиз олишни тақиқлаш (рибо), битимлардаги ҳаддан ташқари ноаниқликни чеклаш (ғарар), шунингдек, тақиқланган фаолият турларини молиялаштиришдан воз кечиш ва молиявий операцияларнинг реал активлар ҳамда иқтисодий фаолият билан янада жипслиги ётади. ИМнинг асосий инструментларига муробаҳа — товарни молиявий ташкилот томонидан сотиб олиб, кейинчалик мижозга қайта сотиш орқали ҳаридни молиялаштириш, ижора — мол-мулк ижараси, мушорака — фойда ва зарарларни бўлишган ҳолдаги шериклик, такафул — иштирокчиларнинг ўзаро ёрдамига асосланган суғурта модели, шунингдек, сукук — облигацияларнинг ўзига хос исломий аналоги деб аталадиган ва активлар ёки улардан олинадиган даромад ҳуқуқлари билан боғлиқ сертификатлар киради. Шу тариқа, классик кредитлашдан фарқли ўлароқ, ислом молияси савдо операциялари, мол-мулк ижараси ва битим иштирокчилари ўртасида тадбиркорлик таваккалчиликларини тақсимлашни назарда тутади.

Бугунги кунда Марказий Осиё бозори ИМ тузилмалари учун кичик, аммо жуда истиқболли йўналиш бўлиб кўринмоқда. Бу минтақада аҳолининг узлуксиз ўсиши, Марказий Осиё республикалари иқтисодиётини кенг кўламли модернизация қилиш зарурати, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органларининг ҳар қандай хорижий инвестицияларни жалб қилишдан очиқдан-очиқ манфаатдорлиги билан изоҳланади. Бунинг устига, дастлабки ислом молия муассасалари бу ерда 1990-йилларда пайдо бўлган, бу кўп жиҳатдан Марказий Осиё давлатларининг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) иштирокчи-мамлакатлари гуруҳига кириши билан боғлиқ эди. Ўшанда биринчи йўналишлардан бири халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик бўлди, у вақт ўтиши билан янада мазмунли ва мақсадли хусусият касб эта бошлади. Бунда ушбу йўналишдаги ривожланиш МО мамлакатларида бир текис кечмади ва ҳозирга келиб Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонда ислом молиясининг даражаси турличадир.

Ислом молиясини ривожлантириш бўйича минтақавий рейтингда сўнгги йилларда ИМни қонунчилик даражасида қўллаб-қувватлаган МОнинг дастлабки давлатларидан бирига айланган Қозоғистон ишонч билан етакчилик қилмоқда. Жумладан, 2009 йилда бу ерда ислом банклари фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилди, 2012 йилда эса Қозоғистон Тараққиёт Банки постсовет ҳудудида биринчилардан бўлиб сукук чиқаришни ташкил этди. 2025 йилда мамлакатда Марказий Осиёда шариат меъёрларига мос келадиган биринчи биржа фонд индекси ишга туширилди. Инвесторлар ва ихтисослашган консультантларни жалб қилиш учун ҳуқуқий ва институционал муҳитни шакллантирган «Астана» Халқаро молия марказининг ташкил этилиши ҳам юз бераётган жараёнларда муҳим роль ўйнади.

ИМ инструментларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича энг муҳим қадамлардан бири Қозоғистоннинг банклар тўғрисидаги янги қонуни қабул қилиниши бўлди, у 2026 йилнинг сентябридан кучга кирди. У анъанавий банкларга алоҳида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «ислом деразалари» деб аталувчи тизим орқали ИМ бўйича хизматлар кўрсатишга рухсат берди. Бунда молиявий тузилмалар операцияларнинг алоҳида ҳисобини ва маҳсулотларнинг шариат тамойилларига мувофиқлиги назоратини таъминлаши шарт. Бундай модель ислом хизматларининг оммалашишини анча жадаллаштириши мумкин, мамлакат ҳукумати ҳам айнан шунга интилмоқда. Умуман олганда, 2026 йил бошига келиб Қозоғистонда активлари $600 млн бўлган учта ихтисослашган банк фаолият юритаётган эди.

Қозоғистон каби, 1990-йилларда минтақада биринчилардан бўлиб ИТБ Гуруҳига қўшилган Қирғизистон ҳам ислом молиявий инструментлари билан ишлашда сезиларли тажрибага эга. Бу ерда ҳали 2011 йилда биринчи ихтисослашган банкка асос солинган эди, ҳозирда эса ИМ тамойилларига асосланган олтита муассаса хизмат кўрсатмоқда. Бунда анъанавий банкларда «ислом деразалари»дан фойдаланиш муҳим йўналиш ҳисобланади, бу харидларни тезкор молиялаштиришга, ускуналар сотиб олиш учун маблағларга ва айланма капитални тўлдириш имкониятига муҳтож бўлган кичик бизнес, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлар учун жуда муҳимдир.

Бундан ташқари, ислом молиясини ривожлантириш Қирғизистон Миллий банкининг 2025–2030 йилларга мўлжалланган режаларига кирди, ҳукумат эса 2026 йил мартида мажбурий суғурта (такафул) тўғрисида қарор қабул қилди. Умуман олганда, республикада 2026 йилга келиб ИМ секторининг ўсиши 125% ни ташкил этди ва $264 млн ҳажмга етди.

Ўз навбатида, ИМ рейтингида Қозоғистон ва Қирғизистондан анча орқада жойлашган Ўзбекистон ҳам сўнгги йилларда ислом молиясини жалб қилиш учун, жумладан ҳуқуқий ва институционал асосларни шакллантириш ҳисобига кам иш қилгани йўқ. Хусусан, 2026 йил мартида мамлакатда тегишли молия ташкилотларини очиш учун шароит яратишга қаратилган ислом банкинги тўғрисидаги янги қонунчилик қабул қилинди. Бу йўналишдаги ишлар банклар ва «ислом деразалари»ни лицензиялаш учун шароит яратиш, солиқ режимини созлаш ва тегишли тамойилларга риоя этилишини назорат қилиш механизмларини ривожлантиришни ўз ичига олади. 2026 йил май ойида Ўзбекистон Марказий банки соҳани 2026–2030 йилларда ривожлантириш бўйича йўл харитаси лойиҳаси муҳокамасига киришди, 2026 йил июлида эса ўзбек регулятори Ислом молияси бўйича кенгаш тузди.

Бундан ташқари, мамлакат ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон–2030» стратегияси миллий даражадаги дастлабки хизматлар 2027 йилда пайдо бўлишини, 2030 йилга келиб эса камида учта тижорат банкни қамраб олишини назарда тутади. Бу Тошкентда ИМни жалб қилиш жараёни ички бозорни ривожлантириш ва маҳаллий корхоналарнинг янги молиялаштириш манбаларига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун жуда муҳим деб ҳисобланишидан далолат беради. Шу билан бирга, кўплаб экспертларнинг фикрича, янги нормалар изчил жорий этилган тақдирда Ўзбекистон Марказий Осиёда ислом молияси ўсишининг асосий марказларидан бирига айланиши мумкин. (Биз ўтган ҳафтада ЎзР Марказий банки илк бор ислом банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бергани ҳақида ёзган эдик. Бундай рухсатноманинг биринчи эгаси ислом банкинги тамойилларига мувофиқ молиявий хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини олган Open Bank бўлди — таҳр.).

Тожикистондаги вазият ҳам анча истиқболли кўринмоқда. Бу ерда қонунчилик асоси минтақанинг бошқа кўплаб мамлакатларига қараганда эртароқ яратилган: «Ислом банк фаолияти тўғрисида»ги қонун 2014 йил 26 июлда қабул қилинган. У ислом банклари, нобанк кредит ва микромолия ташкилотлари фаолиятини, шунингдек анъанавий молия муассасаларида «ислом деразалари»дан фойдаланишни назарда тутади.

Шу билан бирга, мамлакатда ИМ сектори ҳали ҳам кичиклигича қолмоқда, гарчи сўнгги беш йилда ислом молияси ҳажми йилига ўртача учдан бир қисмга ошиб борган бўлса-да. Тожикистонда битта лицензияланган банк, бир нечта микрокредит ташкилоти ва ислом финтехига йўналтирилган Alif рақамли платформаси фаолият кўрсатмоқда. 2026 йил бошига келиб уларнинг активлари қарийб $36 млн ни ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, республика расмийлари ИМ бозори ривожланиши учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бу иқтисодиётнинг ожизлиги сабабли корхоналар ва аҳоли турли-туман капитал манбаларидан фойдаланишда чекланган имкониятларга эга экани билан боғлиқ, ислом маҳсулотлари эса, экспертларнинг фикрича, мавжуд хизматларга, айниқса кичик бизнес ва микромолиялаштириш соҳасида яхши қўшимча бўла олади.

Бугунги кунда Туркманистон Марказий Осиёда ИМни ривожлантиришнинг энг бошланғич босқичида турибди. Евразия тараққиёт банки (ЕАТБ), Ислом тараққиёт банки институти ва London Stock Exchange Group қўшма тадқиқоти муаллифларининг баҳолашича, мамлакатда ҳали ҳам ислом банкинги учун тўлақонли махсус ҳуқуқий ва регуляторлик тизими мавжуд эмас. Шу боис, ушбу соҳада кейинги силжиш мамлакат раҳбариятидан тегишли қоидаларни ишлаб чиқиш, назорат механизмларини белгилаш ва халқаро молия институтлари ишлаши учун амалий шароитларни шакллантиришни талаб қилади. Шу билан бирга, Туркманистон расмийлари республикада ИМ институтларининг кенг ёйилишидан қанчалик жиддий манфаатдор экани ҳозирча аниқ маълум эмас, гарчи бу йўналишдаги ишлар давом этаётган бўлса-да.

Шунингдек, МО мамлакатлари ўртасидаги фарқларга қарамай, минтақада ислом молиясини ривожлантириш муаммолари кўп жиҳатдан муштаракдир. Биринчидан, Марказий Осиёда бир вақтнинг ўзида банк иши, шариат тамойиллари ва ИМ стандартларини яхши тушунадиган мутахассислар етишмайди. Иккинчидан, аҳолининг сезиларли қисми ислом молияси билан ёмон таниш ва уни нотўғри равишда фақат мусулмонлар учун хизматлар тизими деб қабул қилади. Учинчидан, МО мамлакатларининг миллий қонунчилигидаги сезиларли фарқлар туфайли чегаралараро операциялар жуда қийинлашган, бу эса ИМни минтақанинг молия тизимига жорий этиш бутун жараёнини сезиларли даражада секинлаштиради. Бундан ташқари, капитал бозорларининг кучсиз ликвидлиги, сукук чиқариш ва муомалада бўлиши учун инфратузилманинг етарлича ривожланмагани, шунингдек валюта таваккалчиликлари ва қатор бошқа масалалар ислом молияси ривожланишига чеклов қўймоқда.

Кўпчилик экспертларнинг фикрича, бугунги кунда мавжуд бўлган чекловларни енгиб ўтиш учун фақат қонунчиликдаги ўзгаришлар, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва кадрларни фаол тайёрлашнинг ўзи етарли эмас. Биринчи ўринга халқаро ҳамкорлик чиқмоқда, усиз Марказий Осиёда ИМ ривожланишида бурилиш бўлмайди. Ву, шекилли, минтақа мамлакатларида жуда яхши англаб етилмоқда, буни сўнгги вақтлардаги воқеалар кўрсатиб турибди. Хусусан, жорий йилнинг энг муҳим воқеаси 2026 йил сентябрида ЕАТБ ва ИТБ Институти вакилларининг учрашуви бўлди, улар ислом молияси соҳасидаги қўшма ташаббусларни муҳокама қилдилар. Музокараларда минтақавий инвестиция платформасини шакллантириш, шунингдек кичик ва ўрта корхоналарнинг молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳақида сўз борди. Моҳиятан, ушбу ташаббус ИМ салоҳияти ҳақидаги умумий баёнотлардан амалиётда капитални жалб қилиш ва тақсимлаш механизмини яратишга ўтишни таклиф қилади.

2026 йил 27–28 октябрь кунлари бўлиб ўтган Ислом молияси бўйича Самарқанд форуми ушбу ишларнинг давоми бўлди. Уни Ўзбекистон Марказий банки Малайзиянинг INCEIF University ва Al Muamalat Consulting консалтинг компанияси билан ҳамкорликда ташкил этди. Кун тартибига ислом банкинги ва капитал бозорини ривожлантириш, тартибга солиш, хавфларни бошқариш, кадрлар тайёрлаш ва молиявий саводхонликни ошириш масалалари киритилди. Бундай учрашувларни ташкил этиш минтақа мамлакатларининг алоҳида миллий ташаббуслардан МОда ислом молияси келажагини янада тизимли муҳокама қилишга ўтаётганининг ёрқин далилидир.

Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёда ИМнинг ривожланиши Россия учун ҳам амалий қизиқиш уйғотади, чунки ислом молиявий инструментлари минтақа мамлакатлари билан қўшма лойиҳалар учун салоҳиятли инвесторлар доирасини кенгайтиришга қодир. Шу билан бирга, РФнинг ўзида ушбу йўналишнинг ривожланиши 2023 йил августида қабул қилинган ва Татарстон, Бошқирдистон, Доғистон ҳамда Чеченистонда шериклик молияси бўйича тажрибани ишга туширган қонун туфайли ҳуқуқий асосга эга бўлди. Россия учун бу тажриба нафақат ички бозорни ривожлантириш нуқтаи назаридан, балки Марказий Осиё мамлакатларининг ислом молия ташкилотлари ва уларнинг мусулмон дунёси мамлакатларидан бўлган шериклари билан ҳамкорлик қилиш учун мумкин бўлган асос сифатида ҳам муҳимдир.

Умуман олганда эса, бугунги кунда мавжуд муаммолар ва чекловларга қарамай, Марказий Осиёда ИМни ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболлари салмоқли кўринмоқда. Турли прогнозларга кўра, бу ерда ислом банкинги активлари 2028 йилга келиб $2,5 млрд га ва 2033 йилга келиб $6,3 млрд гача ўсиши назарда тутилмоқда. Бунда сукукнинг минтақавий бозори тегишлича $2,05 млрд ва $5,6 млрд га етиши мумкин. Тўғри, бундай сценарий МО давлатлари ўз қонунчилигини такомиллаштиришда, солиқ режимлари ва назоратни ўзгартиришда давом этишига, маҳаллий молия ташкилотлари эса янги маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришига асосланган. Аксинча бўлган тақдирда, барча ижобий прогнозлар қоғозда қолиб кетиши мумкин.

Шу тариқа, ислом молияси секин-аста Марказий Осиёни ривожлантиришнинг энг муҳим инструментларидан бирига айланаётганини таъкидлаш лозим. Агар минтақа мамлакатлари бугунги кунда мавжуд бўлган си барча муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлса, ИМ шунчаки қўшимча инвестиция манбаи эмас, балки нафақат МОда, балки бутун Евроосиё ҳудудида иқтисодий алоқаларни янада модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш учун асосга айланиши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.