Маҳаллий

“Ишни пул билан ҳам ҳал қила олмаяпмиз”. Тошкентда ЙПХдан қочган рақамсиз Малибу-2 ҳайдовчиси ушланди

"Пул билан ҳам ишни ҳал қила олмаяпмиз". Тошкентда ЙПХдан қочган рақамсиз Малибу-2 ҳайдовчиси қо'лга олинди.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг хабар беришича, Тошкент ҳалқа автомобил йўлида ЙПХ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган қоидабузар ҳайдовчининг автомашинаси жарима майдончасига жойлаштирилди.

Маълумотларга кўра, Тошкент ҳалқа автомобил йўли бўйлаб Учқаҳрамон ҳудудидан Ҳасанбой ҳудуди томон ҳаракатланаётган давлат рақам белгисисиз Малибу-2 автомашинаси диққатни тортган. Унинг олд ён ойналари ноқонуний қорайтирилгани ва орқа қисмига қўшимча антенна ўрнатилгани аниқланган. Ходимлар тўхташ ишорасини берганида, ҳайдовчи қонуний талабга бўйсунмасдан, автомобилни кескин ортга буриб, қочишда давом этган.

Кўрилган чоралар натижасида транспорт воситаси ушланган. Ҳолат юзасидан автомашина ҳайдовчисига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобил вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Эътиборли жиҳати, мазкур ҳолат видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ўзини қоидабузар ҳайдовчининг отаси деб таништирган шахс видеони ўз саҳифасига жойлаштирган фойдаланувчилардан бирига алоқага чиқиб, уни ўчириб ташлашни талаб қилган. Тармоқларда эълон қилинган аудиоёзувда эркак "ишни пул билан ҳам ҳал қила олмаётганини", ўғлини ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишмоқчилигини айтиб, видеони ўчиришни сўраган. Рад жавобини олгач эса тармоқ фойдаланувчисини турли сўзлар билан қарғаб, унинг манзилига бориш билан таҳдид қилган ва босим ўтказган.

Аввалроқ Тошкентда ижарага машина олиб, хавфли манёврлар қилган 17 ёшли йигит ушланган эди. Бошқа бир вазиятда эса Самарқандда қишлоқ ичида соатига 130 км тезликда ҳаракатланган Собалт ҳайдовчиси жазоланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.