Ишлаётган оналарнинг оилавий боғча бадали келаси йилдан буджетдан қопланади
Президент келаси йилдан 2–3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишлаётган оналарнинг боғча бадали буджетдан қопланишини

Ишлаётган оналарнинг оилавий боғча бадали келаси йилдан буджетдан қопланади
Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва ўқитувчи ҳамда мураббийларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни маълум қилди
2026-йил 1-январдан бошлаб 2–3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишлаётган оналарнинг бадал пули буджет маблағлари ҳисобидан қопланади.
Президентнинг айтишича, аёлларнинг меҳнат қилиши оилага қўшимча даромад олиб келади ва болалар таълими учун янада кенгроқ имконият яратади.
Боғча тарбиячиларига ишлаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти берилган. Жорий йилда уларнинг 7 минг нафари олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган.
Улар ҳафтасига беш кун ишлайди, бир кун эса таълим олади. Келаси ўқув йилидан педагогика олий таълим ташкилотларида тарбиячилар учун ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга туширилади.
Боғчада камида беш йил ишлаган тарбиячи ёрдамчилари ҳам бу имкониятдан фойдалана олади. Президент боғча боланинг қобилияти намоён бўладиган ва тафаккури ривожланадиган маскан бўлиши кераклигини таъкидлади.
Италия, Буюк Британия, Германия, Сингапур ва Хитой тажрибаси асосида миллий қадриятларга мос дастур ишлаб чиқилди. Ҳозир 180 минг тарбиячи ва педагог янги методика бўйича ўқитилмоқда.
Ўйин орқали таълим беришга йўналтирилган дастур ҳозир боғчаларнинг 30 фоизида жорий этилган. Йил охиригача уни 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига татбиқ этиш режалаштирилган.
Тошкентда ЮНЕСКО шафелигида Болаларни эрта ёшдан таълимга жалб қилиш минтақавий маркази ва Италиянинг Реджо-Эмилия маркази фаолият бошлаган. Ҳар йили 50 нафар илғор тарбиячини хорижга стажировкага юбориш, боғчалар учун 100 та видеоконтент тайёрлаш ҳамда уч йиллик дастур асосида давлат боғчаларини электрон доскалар, компютер ва рангли принтерлар билан жиҳозлаш белгиланган.

