Ишлатилган мактаб формалари оилаларнинг 69 фунт стерлинг маблағини тежайди, дейди хайрия ташкилоти
Clothing Coventry минглаб болаларни иккинчи қўл (эски) мактаб формаси билан таъминлашга ёрдам берди.

**Ишлатилган мактаб формалари оилаларнинг 69 фунт стерлинг маблағини тежаб қолди, дейди хайрия ташкилоти**
Clothing Coventry хайрия ташкилоти камбағалликда яшаётган оилаларга бепул иккинчи қўл кийим-кечак, пойабзал ва мактаб формаларини тақдим этади.
Мингга яқин оила шу ёзда илгари кийилган ва хайрия қилинган кийимларни бепул таклиф қилган хайрия схемаси туфайли мактаб формаси харажатларини қисқартирди.
Clothing Coventry бош ижрочи директори Кейти Уилсоннинг айтишича, ота-оналар ўзларига керакли буюмларни танлаб олишга муваффақ бўлишган ва оилалар уч ҳафта давомида ўтказилган форма тарқатиш тадбирларида қатнашиб, ўртача 69 фунт стерлинг тежаб қолишган.
Уилсоннинг таъкидлашича, мактаб формасининг ўртача нархи бир бола учун 249,58 фунт стерлингни ташкил этади ва бу кўплаб оилалар учун «ҳақиқий муаммо бўлиб қолмоқда». У хайрия ташкилоти 2700 дан ортиқ болага янги ўқув йилига тайёргарлик кўришда ёрдам берганини қўшимча қилди.
«Бу каби лойиҳалар фақат одамлар ўз вақти, ресурслари ва қўллаб-қувватлашини аямагани туфайли амалга ошади — бизга қўшилган ҳар бир кўнгиллига раҳмат», — дея қўшимча қилди у.
Кейти Уилсон, Хиллфилдс ҳудудида жойлашган Clothing Coventry ташкилоти бош ижрочи директори
Тадбирлар давомида хайрия ташкилоти 15 005 та форма буюмларини тарқатди, жумладан:
- 1 869 та поло футболкаси
- 2 807 та кўйлак
- 2 388 та джемпер
- 183 та блейзер (куртка)
- 119 та галстук
- 453 та логотипли жисмоний тарбия кийими
- 1 531 жуфт пойабзал
- 2 787 жуфт ўғил болалар шими
- 616 та сарафан
- 1 092 та юбка
- 900 жуфт қиз болалар шими
- 260 та юқори синф ўқувчилари учун либослар тўплами
Хайрия қилинган ва илгари кийилган формалардан ташқари, ташкилот 2 142 нафар болага 4 659 та мутлақо янги буюмларни ҳам етказиб берди.
Яна 60 та оилага, хайрия ташкилоти уларнинг фарзанди ўқийдиган мактаб учун блейзер топиб бера олмаганида, 30 фунт стерлинглик форма ваучерлари берилди.
Уилсоннинг айтишича, блейзерлар ва логотипли жисмоний тарбия кийимлари энг кўп сўралган буюмлар қаторидан жой олди ва ҳатто қўшимча харидлар ҳамда саховатли хайрияларга қарамай, баъзи ҳолларда талаб таклифдан ошиб кетди.
Ҳозирда тўртинчи йилдирки амалга оширилаётган ушбу дастур Coventry Building Society томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
«Ҳар бир мактаб учун, ҳар бир ўлчамдаги ҳар бир буюмни кафолатлай олмасак-да, тадбирларимизга ташриф буюрган ҳеч бир оила қуруқ қўл билан кетмаганини фахр билан айта оламиз», — деди Уилсон.
Ушбу хизматдан фойдаланган ота-оналардан бири фарзандлари учун форма топиш катта ташвиш бўлганини айтди.
«Саккиз фарзанди бор ва даромади жуда чекланган оила сифатида, барча фарзандларимизга мактаб формаси сотиб олиш биз учун катта ташвиш эди», — деди у.
«Биз олган ёрдам катта фарқ қилди ва молиявий стресснинг катта қисмини бартараф этди.
Бу фарзандларимиз мактабга ўзларига керакли форма билан қайтишларини таъминлашга ёрдам берди. Буни амалга оширган барчадан чин дилдан миннатдормиз».
Clothing Coventry мактаб формаси бўйича сўровларни қабул қилишни 14 сентябрдан қайта бошлайди ва оилалар нафақат ёзги таътил кунларида, балки йил давомида форма бўйича ёрдам олишлари мумкинлигини маълум қилди.

