Маҳаллий

“Ишлаб чиқаришда — керак, кейинги жараённи кузатишдан мутлақо маъно кўрмаяпман”. Зафар Ҳошимов — рақамли маркировкалаш ҳақида

Зафар Ҳошимов сувнинг қадоғида маркировканинг бўлмаслиги жаримага сабаб бўлишини мантиқсиз деб атади. Унинг таъкидлашича, потенсиал хавф исталган бизнес учун нархга айланади ва истеъмолчи зиммасига тушади. ъИшлаб чиқаришда — керак, кейинги жараённи кузатишдан мутлақо маъно кўрмаяпманъ, — деди у.

“Ишлаб чиқаришда керак, кейинги жараённи кузатишдан мутлақо маъно кўрмаяпман”. Зафар Ҳошимов рақамли маркировкалаш ҳақида

Корзинка супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов “Лолазор” подкастида мажбурий рақамли маркировкалаш тизими бўйича саволга жавоб берар экан, маркировкалаш ишлаб чиқариш жараёнида зарур эканлигини, аммо занжирнинг кейинги босқичларини кузатиш бефойда эканлигини таъкидлади.

Молиячи Отабек Бакиров сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими масаласини кўтариб, Зафар Ҳошимовдан “Савдо ва сервис” уюшмаси раиси ва тадбиркор сифатида ушбу тизимга муносабати, тизимнинг транзаксион харажатлари, афзалликлари ва самарадорлиги ҳақида сўради.

Зафар Ҳошимов маркировкалаш тизими, маркировкаланган маҳсулотни ҳисобга олмаган ҳолда сотиш мумкин эмаслиги сабабли, хуфиёна иқтисодиётга қарши курашишга хизмат қилишини инкор этмади. Шу билан бирга, у ҳар бир нарсанинг ўз нархи борлигини қайд этиб, тизимнинг транзаксион харажатлари ўзини оқлайдими, деган саволни ўртага ташлади.

“Мен [масалан] фармацевтикада албатта бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки бу соҳада контрафакт бор, шунинг учун бошидан охиригача кузатув бўлиши керак. Шунингдек, алкоголда, тамакида бўлиши керак, деб биламан. Чунки унинг солиқ базаси катта, яъни йиғилаётган солиқлар маркировкалаш харажатларини оқлайди. Лекин, масалан, 1500 сўмлик сувда бу нарсани бўлиши… ҳатто қилинса ҳам, майли, ишлаб чиқаришда қўйилиши керак. Ундан кейинги [жараённи кузатишдан] мутлақо маъно кўрмаяпман”, — деди у.

Шу ўринда тадбиркор Корзинка фаолиятида кузатилган маркировкалаш билан боғлиқ реал вазиятни мисол келтирди. Унинг ҳикоя қилишича, бир таниши жаноза учун шошилинч кўп миқдорда (бир неча блок) сув олиш мақсадида Корзинка дўконларидан бирига кирган, аммо ҳеч нарса олмай чиқиб кетган.

Танишининг айтишича, сувни касса аппаратидан ўтказиш пайтида кассир ходим блокни очиб, ҳар бир маҳсулотни алоҳида сканерлашига тўғри келган. Харидор 20 дақиқача кутиб қолган. Кейин ҳар бир блокнинг алоҳида-алоҳида кассадан ўтказилишини куца, вақт йўқотишини билиб, дўкондан чиқиб кетган. Шундан сўнг йўл четидаги бошқа дўкондан зарур миқдордаги сувни тўғридан-тўғри машина юкхонасига юклатиб олганини айтган.

Отабек Бакиров тизим вақтни ўғирлаш орқали “қонуний ишлаётганларни жазолаётганини” таъкидлади. Тадбиркор унинг фикрини тасдиқлаб, харидор оқими, аксинча, ноқонуний ишлаётганларга қараб кетаётганини айтди. У Корзинка супермаркетлар тармоғидан БТБ (бусинесс то бусинесс) орқали кафе, ресторанлар ва бошқа муассасаларга салқин ичимликлар етказиб бериш ҳажми кескин тушиб кетганини қўшимча қилди.

“Бу йил ўша сегмент 80−90 фоизга тушган. Биз нимага ҲОРЕКА — [меҳмонхона], ресторан, кафелар биздан кам оляпти, бизда нарх арзонроқ-ку, десак, ҳаммаси нақдга ўтиб кетди”, — деди у.

Уларнинг нима сабабдан нақд савдога ўтиб кетганини изоҳлар экан, Зафар Ҳошимов ўзи дуч келган вазиятни мисол қилиб келтирди. Унинг айтишича, яқинда бир қаҳвахонага кирган ва сув сўраган. Столда кофе ичиб ўтираркан, официант сувни олиб келиб, ундан сотиб олиши ёки олмаслигини сўраган. Тадбиркор сотиб олишини айтганида, сув қадоғини харидор кўз ўнгида сканерлаб кетган.

“Қонуний бизнеслар шундай ишлашига тўғри келяпти. Мен айтаман-ки, доим мантиқ билан, иқтисодий [самарадорлик нуқтаи назаридан] ёндашиш керак”, — деди у. Тадбиркорнинг таъкидлашича, муайян мақсадга эришишнинг харажатлари якунда ўзини оқлаши керак.

Шу ўринда ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев муҳокамага қўшилиб, маркировкалашдан мақсад яширин иқтисодиётга қарши курашиш, соядаги бизнесларни қонуний бизнеслар қаторига қўшиш бўлгани ҳолда, тизим амалда бунинг аксига хизмат қилаётганини қайд этди.

“Бу ислоҳотнинг, тизимнинг юки бизга тушяпти, яъни охири бориб барибир истеъмолчига тушяпти”, — деди у.

Зафар Ҳошимов маркировкалаш тизими яширин иқтисодиётга қарши курашга хизмат қилмаяпти, деган фикрга қўшилмаслигини билдирди.

“Мен ўйлайман-ки, маркировкалаш тизими жорий қилинганидан кейин бизнеснинг қандайдир қисми барибир қонуний ишлашга ўтди. Яъни фойдаси бўлди эмас, айтайлик, хуфиёна иқтисодиётни қисқартирди. [Лекин] бу қанчага тушди?.. Масалан, [қалбаки] доридан, алкоголдан Соса-Солаъдан жамиятга, истеъмолчиларга риск ҳақиқатда мавжуд. Лекин бу сувдан қанақа риск?”, — деди у.

Зафар Ҳошимов ўзи 1200 сўм турадиган сувнинг қадоғида маркировканинг бўлмаслиги жаримага сабаб бўлишини айтиб, буни мантиқсиз деб атади. Ҳозиргача бу сабаб билан ҳеч ким жазоланмаган бўлиши мумкин, лекин, унинг таъкидлашича, барибир потенсиал хавф исталган бизнес учун нархга айланади.

“Тадбиркор хавфсирагани учун ҳам истеъмолчи пул тўлайди”, — деди у.

Шу ўринда Отабек Бакиров истеъмолчи сифатида мажбурий маркировкалаш жорий қилинганидан кейин супермаркетларда сувнинг нархи қандай ўзгаргани бўйича шахсий кузатувларини айтиб ўтди.

“Истеъмолчи сифатида айтай, маркировка қилишдан аввал Ўзбекистонда супермаркетлардаги сувнинг нархи Европа Иттифоқидагидан 2 ярим — 3 баравар арзон эди-да. Ҳозир, [агар] арзон бўлса, 15−20 фоиз арзон. Айниқса кичкина литраждаги — 0,25 л, 0,33 л — 0,5 литргача бўлган сувлар деярли Европа Иттифоқи билан тенглашиб қолди”, — деди у.

Мутахассис тегишли маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, маркировкалашдан аввалги ва кейинги нархлар таққосланса, айнан 0,5 литргача бўлган сув нархи кескин ошганини кўриш мумкинлигини ва нархнинг бу ошган қисми истеъмолчи зиммасига тушаётганини қўшимча қилди.

Шу нуқтаи назардан Отабек Бакиров Зафар Ҳошимовнинг президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзоси эканини эслатиб ўтиб, бундай тартибга солишнинг транзаксион харажатлар ошишига олиб келиши масаласи кенгаш томонидан кўриб чиқилган ёки йўқлигини сўради.

“Чунки бошқа янги маҳсулотларни ҳам киритиш масаласи бор маркировка бўйича… Сементга қўшишмоқчи, ўсимлик ёғига ва ҳоказо. Бу қандай оқибатларга олиб келади? Битта хатони қилдик майли, кейинги хатоларни қиймати ҳақида ҳам гапириш керак”, — деди у.

Зафар Ҳошимов ушбу жамоатчилик кенгаши фаолиятини бизнес фаолияти учун фойдали деб атади. Унинг сўзларига кўра, жамоатчилик кенгашини эшитишади ва кенгаш қайтарган қонунчилик лойиҳалари қайта кўриб чиқиб, ўзгартиришлар киритилади. Лекин айрим қоидаларга кўра кенгаш муҳокамасига олиб кирилмасдан тасдиқланадиган кам сонли қонунчилик ҳужжатлари ҳам мавжуд бўлиб, тадбиркорнинг сўзларига кўра, айнан шулар бизнесга энг кўп зарар етказади.

Шу ўринда Отабек Бакиров тартибга солиш таъсирини ҳеч ким тадбиркорларчалик баҳолай олмаслигини қайд этди. Айни пайтда Зафар Ҳошимов бу борада тадбиркорларнинг нуқтаи назари ҳам холис ёндашувга асосланмаслиги мумкинлигини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, давлат зарур деб ҳисоблаган меъёр тадбиркорнинг зарарига ишлайдиган бўлса, тадбиркорлар бунга салбий муносабат билдириши мумкин. Шу маънода у мамлакатда тадқиқот марказлари (тҳинк-танк) етишмаётганини айтди.

“Бизда, умуман иқтисодиётимизда чинакамига етишмаётган нарса яхши тҳинк-танкълар. У ерда олимлар, иқтисодчилар, бошқа [мутахассислар бўлади]. Тҳинк-танкълар ҳар битта меъёрий ҳужжат ёки қонунни иқтисодий фойда ва зарарини ҳисоблаб, экспертизадан ўтказади. Чунки, масалан, биз тадбиркорларга иложи бўлса тегмаса, лекин барибир ўзгартиришлар қилиш керак. Давлатнинг роли нимада? Ўйин қоидаларини тенглаштиришда. Масалан, бу [маркировкалаш] ҳам ўйин қоидаларини тенглаштириш белгиси”, — деди у.

Тадбиркор хонадонларда ташкил қилинган сехларда солиқ тўламасдан, санитария меъёрларига амал қилмаган ҳолда фаолият юритаётган соядаги бизнесларни мисол келтирди.

“Ҳеч қандай солиқ ҳам тўламайди, санитар нормаси ҳам йўқ. Бу ерда ҳам қандайдир тартиб бўлиши керак. Шунинг учун айтяпман-ки, ишлаб чиқаришда жорий қилинсин, лекин кейинги жараёнга таъсир қилмасин”, — деди у.

Ўзбекистонда маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиш тизимини жорий этиш (аввал тамаки ва алкогол маҳсулотлари, кейинроқ дори воситалари ва маиший техника) 2019-йилдан бошлаб йўлга қўйилган. Тизимнинг ягона оператори Россиянинг Истиқболли технологияларни ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган СРПТ Турон ҳисобланади. У Россиядаги “Честный знак” тизимига ўхшаш платформани бошқаради.

Сув ва ичимликларни маркировкалаш тизимини жорий этиш бир неча бор кечиктирилган: дастлаб 2022-йил октабридан 2023-йил 1-июлига, кейин эса 2024-йил 1-мартига сурилган. 2021-йил ёзида сув ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилари маркировка бўйича пилот лойиҳани тўхтатишни таклиф қилган, уларнинг фикрича, бу иқтисодий жиҳатдан самарасиз эди. СРПТ Турон эса бу хавотирларни “миф” деб атаган.

2026-йил март ойи охирида, агрегатлаш босқичи жорий этилишидан олдин, ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси УзБев жиддий хавфлар ҳақида огоҳлантирган ва жорий этилаётган модел реал эмаслиги ҳамда алгоритмлар тўлиқ ишлаб чиқилмаганини билдирган. СРПТ Турон эса ўз жавобида ноқулайликлардан келиб чиқиб “спекуляция қилмаслик”ка чақириб, иқтисодиёт шаффофлигини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принсипларини биргаликда қўллаб-қувватлашга чақирган.

Кейинчалик мазкур масала бозор иштирокчилари билан бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ўртасидаги учрашувда кўтарилди. У Солиқ қўмитасига масалани ўрганиб чиқиш ва уни мамлакат раҳбариятига тақдим этиш учун тайёрлашни топширди. Тадбиркорларга эса қоидалар бузилгани учун жарималар қўлланилмаслиги ваъда қилинди.

Май ойи бошларида Президент Шавкат Мирзиёев сув ва алкоголсиз ичимликларни рақамли маркировкалаш тизимида агрегатлаш босқичини кечиктириш ҳамда ушбу соҳада жарималарни камайтиришни қўллаб-қувватлагани маълум бўлди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.