Ишдаги бахциз ҳодисалар сабаб етти ойда 156 киши вафот этди

Етти ой ичида иш жойларидаги бахциз ҳодисалар туфайли 156 киши ҳаётдан кўз юмди.
Ўзбекистонда 2026-йилнинг дастлабки етти ойида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахциз ҳодисалар сони 529 тага етди.
Давлат меҳнат инспексияси маълумотларига кўра, ушбу ҳодисаларнинг 24 таси гуруҳ бўлиб ишловчилар фаолиятида қайд этилган. 372 та ҳолат оғир оқибатли бўлган, 132 та бахциз ҳодиса эса ўлим билан якунланган. Иш жойларидаги бахциз ҳодисалар натижасида жами 580 киши жабрланган. Улардан 156 нафари ҳалок бўлган, 402 киши оғир тан жароҳатлари, 22 киши эса енгил тан жароҳатлари олган.
Энг кўп бахциз ҳодисалар саноат соҳасида кузатилган – 168 та. Қурилиш соҳасида 159 та бахциз ҳодиса рўй берган. Соғлиқни сақлаш соҳасида 16 та, таълим соҳасида 14 та, давлат бошқарувида эса 8 та шундай ҳолат қайд этилган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп бахциз ҳодисалар Тошкент шаҳрида (95 та) ва Тошкент вилоятида (58 та) содир бўлган. Қашқадарё вилоятида 38 та, Бухорода 34 та, Андижон ва Самарқандда эса 33 тадан шундай ҳодиса қайд этилган.
Бахциз ҳодисалар натижасида жабрланганларга 11 миллиард 379 миллион сўм миқдорида бир йўла бериладиган ва ойлик зарар пуллари ундириб берилган.
Ишдаги бахциз ҳодиса – бу ходим меҳнат вазифасини бажараётганда унинг соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ ҳодисадир. Бу фақат корхона ҳудудида содир бўлиши шарт эмас. Масалан, хизмат сафари вақтида ёки иш берувчининг топшириғини бажариш жараёнида содир бўлган айрим жароҳатланишлар ҳам ишлаб чиқаришдаги бахциз ҳодиса сифатида текширилиши мумкин.
2026-йилнинг биринчи ярмида иш жойларида бахциз ҳодисалар сони 447 тани ташкил этган эди. Бир ой ичида бу кўрсаткич 82 тага ортган.

