Иш жойидаги бахциз ҳодисаларни текшириш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори билан меҳнат фаолиятидаги бахциз ҳодисаларни хабар қилиш, текшириш ва ҳисобга олишнинг янги тартиби

Иш жойидаги бахциз ҳодисаларни текшириш тартиби белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 22-сентябрдаги 505-сон қарори билан меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахциз ҳодисалар ҳақида хабар бериш, уларни текшириш ҳамда ҳисобга олиш тартиби тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, бахциз ҳодиса содир бўлганда иш берувчи жабрланувчига дарҳол шифокордан олдинги биринчи ёрдамни кўрсатиши, зарурат туғилганда эса уни тиббий муассасага олиб бориши лозим.
Шунингдек, иш берувчи тегишли орган ва ташкилотларни, жабрланувчининг яқинларини хабардор қилиши керак. Бахциз ҳодиса юз бергани ҳақида жабрланувчи ёки гувоҳ зудлик билан бўлинма, яъни сех раҳбарига хабар бериши шарт.
Сех раҳбари биринчи ёрдам кўрсатади ва жабрланувчини тиббий-санитария қисмига ёки бошқа тиббиёт муассасасига етказишни ташкил этади.
Бундан ташқари, махсус текширув комиссияси иш бошлагунига қадар иш жойидаги вазият ва жиҳозлар ҳолати ҳодиса пайтидаги кўринишда сақлаб қолиниши шарт.
Сех раҳбари бахциз ҳодиса ҳақида иш берувчига ҳамда касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига дарҳол хабар бериши керак.
Гуруҳли бахциз ҳодисалар, яъни бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ ходим билан юз берган ҳолатлар махсус текширилади. Бунда жабрланганларнинг саломатлигига етказилган зарар оғирлигидан қатъи назар текширув ўтказилади.
Оқибати ўртача оғир ёки оғир бўлган бахциз ҳодисалар ҳам махсус текширувдан ўтказилади. Ўлим билан якунланган ҳодисаларга ҳам шу тартиб татбиқ этилади.
Шу билан бирга, табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жиноят содир этиш вақтида олинган жароҳатлар текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.

