Иркутск вилоятида ўлатга қарши кураш институти ходимасининг ўлимидан сўнг текширув якунланди

Иркутск вилоятида ўлатга қарши кураш институтининг 28 ёшли ходимаси Дарья Шипилованинг ўлимидан сўнг текширув ва профилактика тадбирлари мажмуаси якунланди. Расмийлар хавфли микроорганизмлар билан ишлашда ҳеч қандай қоидабузарлик аниқланмаганини, марҳума билан мулоқотда бўлган одамларда эса соғлиқ билан боғлиқ муаммолар топилмаганини маълум қилди. 28 ёшли Дарья Шипилованинг ўлимига шифохонадан ташқари пневмония сабаб бўлгани айтилди.
Минтақа губернатори Игорь Кобзев, шунингдек, Шипилова эмлангани ва ўзи ишлаган хавфли инфекцияларга қарши иммунитетга эга бўлганини аниқлаштирди. У Иркутск ва Шелеховдаги санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлиб қолаётганини қўшимча қилди.
Якун ясар экан, Кобзев содир бўлган воқеани минтақа учун синов деб атади ва мутахассислар вазиятни муносиб енгиб ўтганини таъкидлади.
Роспотребнадзор ҳам минтақа аҳолиси соғлиғи учун ҳеч қандай хавф йўқлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Шипилова 2 октябрга ўтар кечаси Иркутскнинг йўлдош шаҳри бўлган Шелеховда вафот этган эди. Унинг ўлимидан сўнг расмийлар у билан мулоқотда бўлган бўлиши мумкин бўлган 200 га яқин кишини изоляция қилди. ОАВ Иркутскдаги бир нечта шифохоналарда карантин жорий этилгани ҳақида ҳам хабар берди.
Юз берган воқеа фонида ижтимоий тармоқлар ва ОАВда аёл иш жойида юқтириб олиб, ўпка ўлатидан вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар тарқалди.
Бундан аввал Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Россия расмийларидан ўлим сабаблари ва минтақада кўрилган чоралар тўғрисида қўшимча маълумотлар сўраган эди.

