Маҳаллий

Ирина Матвиенко зўравонликни тарғиб қилган эркак устидан шикоятидан кейин босимлар ҳақида хабар қилди

Nemolchi.uz асосчиси Ирина Матвиенко унинг шикояти асосида суд спортчини бўлажак хотинига “аниқ зарбалар” ҳақидаги видеоси учун жаримага тортгач, босим ҳақида маълум қилди. “Аллоҳ сени жазоласин”, — деб ёзган бир боксчи. Ҳуқуқ ҳимоячиси аёлларни зўравонлик ҳақида хабар беришдан қўрқмасликка чақирди.

Ирина Матвиенко зўравонликни тарғиб қилган эркак устидан шикоятидан сўнг босимларга дуч келаётганини маълум қилди.

Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко спортчи Солиҳжон Ибрагимов зўравонликни тарғиб қилгани учун жаримага тортилганидан кейин ҳам таъқиблар давом этаётганини билдирди. Ибрагимов аввалроқ: “Келажакда хотиним фақат аниқ зарбаларни қабул қилиши учун машқ қиляпман”, деб ёзган эди.

Матвиенко 31-июл куни хабарлар скриншотларини илова қилиб, шундай ёзди: “Мен ИИВга шикоят қилган спортчини суд зўравонлик ва шафқацизликни тарғиб қилувчи контентни тайёрлаш ва тарқатишда айбдор деб топиб, ундан 2000 доллар миқдорида жарима ундириш ҳамда иПҳоне 15 Про Мах телефонини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарганидан кейин эркаклар менга қарши таъқиб бошлади. Улар менга лаънатлар ёзмоқда, ҳаётимни кераксиз деб аташмоқда, мени қўрқоқликда ва яна турли нарсаларда айблашмоқда. Айримлар мен бир йигитнинг ҳаётини барбод қилганимни айтмоқда. Уларнинг гаплари аёлларга нисбатан нафратга тўла… Эътиборлиси, бу ъбиродарларънинг барчаси аноним ёки ёпиқ аккаунтлардан ёзмоқда”.

2-август куни у боксчи ва бодибилдер Жавоҳир Жўрабековдан келган шахсий хабар скриншотини эълон қилди. Унда: “Аллоҳ сени шундай жазоласинки, қилган ишингдан пушаймон бўлгин… Ҳар бир намозимда шуни сўрайман!” дейилган.

Унинг сўзларига кўра, Садиқов фамилияли бошқа бир йигит эса унинг постлари остида тўнғиз стикерларини қолдириб, нега у фоҳишаларга эмас, спортчиларга эътибор қаратаётганини ёзмоқда.

Ирина Матвиенконинг таъкидлашича, у фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга видео ва изоҳларни текширишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланган. Терговчи ҳам, судя ҳам (иккаласи ҳам эркак) спортчи қонунни бузганини тасдиқлаган.

У шундай деди: “Миробод тумани ИИБ терговчиси Бекзод Қурбонов мурожаатни ўрганиб, видеони текширди ва унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189−1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик белгилари ва таркибини аниқлади… Судя Жаъфар Қурбонов иш материалларини ўрганиб, терговнинг ҳуқуқий баҳосини тўғри деб топди. У енгиллаштирувчи ҳолатларни (ёши, пушаймонлиги, айбини тан олгани) инобатга олиб, моддада белгиланган энг кам жазога яқин миқдорда — 60 БҲМ жарима тайинлади”. (Мазкур моддада 50 БҲМдан 400 БҲМгача жарима ҳамда маҳсулот ва уни тайёрлаш воситаларини мусодара қилиш назарда тутилган.)

Ҳуқуқ ҳимоячиси қўшимча қилди: “Бу икки эркак қонун, ўз ваколати ва хизмат вазифалари доирасида иш тутди. Аммо таъқиб айнан менга қарши бўляпти — эҳтимолий ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ҳуқуқимдан фойдаланганим учун. Айтганча, [спортчи] ҳам биринчи инстансия суди қароридан 10 кун ичида шикоят қилиш ҳуқуқига эга”.

У шундай таъкидлади: “Мен ўзимни айбдор ҳис қилмайман, аммо айримлар мени айбдорликни ва қўрқувни ҳис қилишимни истаётганини кўряпман. Бу видеони мен жойламаганман, материалларни мен текширмаганман, ҳукмни мен чиқармаганман ва бировнинг тақдирини мен ҳал қилмаганман. Мен нималар учун жавобгар эканимни ва бошқа одамларнинг масъулияти қаерда бошланишини аниқ биламан”.

Ирина Матвиенконинг айтишича, ариза берганидан кейин шундай босимга дуч келиши мумкин бўлган аёллар қуйидагини билиши керак: “Сиз ҳаммасини тўғри қиляпсиз. Текширувни терговчи ўтказади. Қарорни судя қабул қилади. Бу уларнинг масъулият соҳаси, сизники эмас. Сиз ҳеч кимнинг ҳаётини барбод қилмаяпсиз. Сиз мамлакат қонунчилиги кафолатлаган ҳуқуқдан фойдаланяпсиз”.

Унинг маълум қилишича, танишлари хавфсизлик нуқтаи назаридан унга вақтинча мамлакатни тарк этишни таклиф қилмоқда, аммо мажбуриятлари сабабли буни қила олмайди. У 2023-йилда ҳам ўлим билан таҳдид қилинганини, шундан сўнг бир муддатга мамлакатдан чиқиб кетганини эслатди. Ўшанда унга аноним аккаунт таҳдид қилган бўлса, ҳозир эса “ўзи билан бир шаҳарда яшайдиган, бошқаларга мураббийлик қиладиган ва Инстаграмъда 35 минг обуначиси бўлган ҳақиқий боксчи” таҳдид қилмоқда.

Nemolchi.uz асосчиси шундай ёзди: “Ўтган сафар давлат менга қилинган таҳдидлар учун ҳеч кимни жазоламади. Мен бошқаларни ҳимоя қиламан, аммо ўзим ҳимоясизман”.

Унинг қўшимча қилишича, кикбоксчидан ҳимояланиш учун ҳимоя ордерини олиш ҳақида ҳам ўйлаган. Бироқ ордерда ҳар икки томоннинг шахсий маълумотлари кўрсатилиши уни янада ҳимоясиз қилиши мумкинлигини тушунган.

3-август, душанба куни Ирина Матвиенко Тошкент давлат юридик университетининг “Киберҳуқуқ” мутахассислиги бўйича магистр дипломини олди. У магистрлик диссертациясини “Ўзбекистонда аёллар ва қизларга нисбатан рақамли зўравонликни ҳуқуқий тартибга солиш: бўшлиқлар ва ислоҳот йўналишлари” мавзусига бағишлаган.