Ипотека кредитлари бўйича фуқароларга 1,1 трлн сўмдан ортиқ субсидия тўлаб берилди

Ипотека кредитлари учун фуқароларга 1,1 трлн сўмдан зиёд субсидия берилди
Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича фуқароларга 1,1 триллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари тўлаб берилди. Бу ҳақда 4-сентябр куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 2026-йилда ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун 12 355 нафар фуқарога субсидия ажратилган. Шундан 367 миллиард сўми дастлабки бадал ёки унинг бир қисмини қоплашга, 774,1 миллиард сўми эса аввалги йилларда ажратилган ипотека кредитларининг фоиз тўловларига йўналтирилган. Бундан ташқари, мақсадли ипотека омонатлари учун 19,4 миллиард сўмлик субсидия ажратилган.
Субсидия фойдаланиш бўйича ҳудудлар орасида водий вилоятлари етакчилик қилган. Андижон вилояти биринчи ўринда бўлиб, 1 472 нафар фуқарога бошланғич бадал учун 43,8 миллиард сўм ажратилган. Фарғона вилоятида шу мақсадда 1 410 кишига 41,9 миллиард сўм, Наманганда эса 1 406 кишига 41,6 миллиард сўм берилган.
Кейинги ўринда Қашқадарё вилояти қайд этилди — 1 260 нафар фуқаро бу имтиёздан фойдаланган ва уларга 37,5 миллиард сўм ажратилган. Тошкент шаҳри аҳолиси бу борада энг охирги ўринда бўлиб, 389 кишига 11,6 миллиард сўм ажратилган.
Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар 2026-йил 16-март куни бошланган эди. Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида тақдим этилган хабарномаларнинг амал қилиш муддати ичида фойдаланилмаган қисми ҳисобидан аризалар 27-июлдан бошлаб қабул қилинди.
Субсидия ажратиш дастурида Агробанк, Алоқабанк, Асакабанк, Асиа Аллиансе Банк, Бизнесни ривожлантириш банки, Ҳамкорбанк, Ипак йўли банки, Ипотекабанк, Микрокредитбанк, Ориент Финанс банки, Трастбанк, Туронбанк, Халқ банки, Ўзмиллийбанк ҳамда Ўзсаноатқурилишбанк иштирок этмоқда.

