Инстаграм 16 ёшда!
Бир вақтлар фақат сурат улашиш учун мўлжалланган содда мобил илова сифатида пайдо бўлган платформа энди

Инстаграм 16 ёшга тўлди!
2010-йил 6-октябр куни ишга туширилган Инстаграм бугун ўзининг 16 йиллигини нишонламоқда. Бир пайтлар фақат сурат алмашиш учун яратилган оддий мобил илова сифатида бошланган платформа ҳозирда 3 миллиарддан ортиқ фаол фойдаланувчига эга глобал медиа майдонига айланган.
Инстаграм тарихи 2010-йил октябрида Кевин Систром ва Майк Кригер томонидан яратилган фото алмашиш иловасидан бошланади. Орадан атиги икки йил ўтиб, 2012-йилда Фасебоок, ҳозирги Мета, Инстаграмни қарийб 1 миллиард долларга сотиб олган. Ўша даврда Инстаграм ҳали катта даромад келтирмайдиган фотоилова эди. Бугунга келиб эса у Метанинг энг муҳим маҳсулотларидан бири саналади.
Инстаграм 2 миллиард фаол фойдаланувчи чегарасига 2022-йилда етган эди. 2025-йил сентябрида Мета раҳбари Марк Сукерберг платформа аудиторияси 3 миллиард фаол фойдаланувчига чиққанини маълум қилди. Бу уч йилдан ҳам қисқа муддатда яна 1 миллиард фойдаланувчи қўшилганини англатади.
Инстаграмнинг бундай тез ўсишида форматнинг ўзгариши катта рол ўйнади. Дастлаб асосий урғу фотосуратларга берилган бўлса, кейинчалик видео, Сториес, Дирест ва айниқса қисқа видеолар формати — Реелс платформанинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларига айланди.
Реелс 2020-йилда ТикТокка рақобатчи қисқа видео формати сифатида ишга туширилган. Бугун Инстаграм фақат сурат жойланадиган ижтимоий тармоқ эмас, балки видео, реклама, инфлюенсерлар, онлайн савдо ва контент-креаторлар иқтисодиётини бирлаштирган улкан экотизимдир.
Инстаграмнинг Ўзбекистондаги қамрови ҳам сезиларли. ДатаРепортал ва Кепиос маълумотларига кўра, 2025-йил охирида Метанинг реклама воситалари Ўзбекистонда Инстаграм учун 14,1 миллионлик аудиторияни кўрсатган. Бу мамлакат аҳолисининг тахминан 37,9 фоизига тенг. Интернет фойдаланувчилари орасида Инстаграмнинг реклама қамрови эса 42,6 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, бу рақамни 14,1 миллион уникал фаол фойдаланувчи сифатида талқин қилишга шошилмаслик керак. ДатаРепортал бу кўрсаткич Метанинг реклама воситаларидаги аудитория қамрови эканини, у ойлик фаол фойдаланувчилар сонига бевосита тенг эмаслигини таъкидлайди.
2026-йилда АҚШда Метага қарши Инстаграм ва бошқа платформаларнинг ўсмирлар руҳий саломатлигига таъсири бўйича минглаб суд ишлари давом этмоқда. Даъволарда платформалар фойдаланувчиларни узоқроқ ушлаб туришга мўлжалланган механизмлар — чексиз лента, автоматик ижро ва билдиришномалар каби функсиялар — ёшларнинг ҳаддан ташқари фойдаланишига сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Мета эса бу айбловларни рад этиб, ўсмирлар хавфсизлиги учун янги воситалар жорий қилаётганини билдирмоқда.
Бундан ташқари, 2026-йил август ойида АҚШдаги 29 штат даъволари бўйича Мета максимал 16,68 миллиард долларлик келишувга рози бўлди. Келишув Фасебоок ва Инстаграмдан ўсмирлар фойдаланишига доир қўшимча чекловлар, жумладан кунлик фойдаланиш лимитлари ва тунги блокировкаларни жорий этишни ҳам назарда тутган. Компания эса айбни тан олмаган.
Айни пайтда Инстаграмнинг янги функсиялари ҳам регуляторлар назоратидан четда эмас. 2026-йил 6-октябрда Буюк Британия медиарегулятори Офсом Метанинг Инстаграмдаги Инстанц функсияси ишга туширилишидан олдин болалар ва ноқонуний контент билан боғлиқ хавфлар етарлича баҳоланган-баҳоланмаганини текширишини маълум қилди.
Инстаграмнинг 16 йиллик тарихи технологик компаниялар учун муҳим бир ўзгаришни кўрсатади: фойдаланувчи истеъмол қиладиган контент ўзгаргани сари платформанинг ўзи ҳам ўзгарди.
2010-йилда Инстаграм шунчаки суратлар учун мўлжалланган мобил илова эди. 2026-йилда эса у:
— 3 миллиарддан ортиқ фаол аудиторияга эга глобал платформа;
— видео ва қисқа контентнинг йирик майдони;
— инфлюенсерлар ва контент-креаторлар иқтисодиётининг муҳим қисми;
— миллиардлаб долларлик реклама бозорининг асосий иштирокчиси;
— шу билан бирга, маълумотлар махфийлиги ва ёшлар хавфсизлиги бўйича кучли регулятор назорати остидаги технологик гигантдир.
Айтиш жоизки, Инстаграмнинг 16 йиллиги шунчаки ижтимоий тармоқнинг туғилган куни эмас. Бу бир вақтлар смартфонда сурат сақлаш ва улашиш учун яратилган кичик илова қандай қилиб 3 миллиардлик глобал рақамли инфратузилмага айланганининг тарихидир.

