Инқироз ва инфляцияга қарши кураш: Нобел мукофоти икки иқтисодчига берилди
2026-йилда иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотига америкалик олимлар Роберт Ҳолл ва Майкл Вудфорд «макроиқтисодий барқарорлаштиришнинг микроиқтисодий асосларини ишлаб чиққани» учун лойиқ кўрилди, деб хабар берди Нобел қўмитаси.

Инқироз ва инфляцияга қарши кураш: Нобел мукофоти икки иқтисодчига топширилди
Стенфорд университети вакили Роберт Ҳолл ва Колумбия университети вакили Майкл Вудфорд иқтисодий сиёсатни янада самарали юритишга хизмат қиладиган макроиқтисодий моделларни ишлаб чиқди.
Уларнинг тадқиқотлари алоҳида уй хўжаликлари ва компаниялар қабул қиладиган қарорларнинг бутун иқтисодиётга қандай таъсир қилишини изоҳлайди. Аҳоли ҳамда бизнеснинг келажакни қандай баҳолаши ҳам муҳим: масалан, улар ҳукумат ва Марказий банкнинг кутилаётган қарорларидан келиб чиқиб ўз режаларини ўзгартирадими ёки йўқми.
Мазкур моделлар ҳукуматга иқтисодиётни барқарорлаштириш учун энг мақбул чораларни танлашда ёрдам беради. Инқироз ва пасайиш даврида фоиз ставкаларини тушириш ҳамда бюджет харажатларини ошириш ишбилармонлик фаоллигини қўллаб-қувватлаши мумкин. Иқтисодиёт ҳаддан ташқари «қизиб кетган» пайтда эса чоралар ортиқча талаб ва инфляцияни жиловлашга қаратилади.
1970-йилларда анъанавий иқтисодий моделлар жиддий синовларга дуч келди: мамлакатлар паст иқтисодий ўсиш, юқори ишсизлик ва юқори инфляция даврини бошдан кечирди. Иқтисодий барқарорлаштиришга оид аввалги ёндашувлар ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаслиги маълум бўлди.
Ҳолл ва Вудфорд моделларни микроиқтисодий асосда — алоҳида шахслар ва компаниялар истеъмол, жамғариш ҳамда нарх белгилаш борасида қандай қарор қабул қилишини инобатга олган ҳолда қуришни таклиф қилди.
Бундай ёндашув иқтисодий сиёсатнинг назарий базасини такомиллаштиришга йўл очди. Олимларнинг илмий ишланмалари ҳукуматлар ва марказий банкларга иқтисодий ларзалар, жумладан, энергетика инқирозлари ҳамда истеъмол талабининг кескин ўзгаришларига муносиб жавоб қайтаришда ёрдам берадиган моделларни яратишда кенг қўлланилмоқда.

