ИнфинБАНК: Хоразмдаги эҳтиёжманд оилаларга 156 та янги хонадон тақдим этилади
ИнфинБАНК, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг ижтимоий лойиҳаси доирасида Хоразмда 156 та янги хонадон эҳтиёжманд оилаларга топширилади. Уйларни тўлиқ тайёр ҳолда 2027-йилда босқичма-босқич фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

**ИнфинБАНК: Хоразмдаги эҳтиёжманд оилаларга 156 та янги хонадон берилади**
Банк ижтимоий масъулият доирасида аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга қаратилган лойиҳаларини давом эттирмоқда. Банкнинг Хоразм вилоятидаги янги ташаббуси эҳтиёжманд оилаларни замонавий ва яшашга тайёр хонадонлар билан таъминлашга йўналтирилган.
Лойиҳа доирасида Шовот туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 156 та хонадондан иборат тўртта етти қаватли уйлар қурилиб, эҳтиёжманд оилаларга тўлиқ жиҳозланган ҳолда топширилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун ИнфинБАНК, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳамкорлик доирасида уй-жойга муҳтож оилаларни аниқлаш, муҳандислик-коммуникация ҳамда ҳуқуқий расмийлаштириш масалаларини мувофиқлаштириш кўзда тутилган.
Хонадонлар 2027-йилги Мустақиллик байрами арафасида босқичма-босқич топширилиши режалаштирилмоқда.
Хоразмдаги ташаббус ИнфинБАНКнинг ҳудудларда амалга ошираётган ижтимоий лойиҳаларининг давоми ҳисобланади. Аввалроқ Қорақалпоғистонда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 101 ёш оилага янги хонадонлар калити топширилган эди.

