ИнфинБАНК Энаблинг Қапитал Лтд. билан халқаро молиялаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
ИнфинБАНК ривожланаётган бозорларнинг молия секторига сармоя киритишга ихтисослашган Энаблинг Қапитал лтд. халқаро инвестиция фондидан молиялаштириш жалб қилди. Ҳамкорлик банкнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш ва узоқ муддатли молиялаштириш манбаларини кенгайтиришга қаратилган.

ИнфинБАНК Энаблинг Қапитал Лтд. билан халқаро молиялаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Ушбу келишув ИнфинБАНКънинг халқаро молия институтлари ва инвесторлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш, ресурс базасини диверсификация қилиш ҳамда узоқ муддатли молиялаштириш манбалари улушини оширишга қаратилган стратегик фаолиятининг навбатдаги босқичидир.
Шартнома шартларига кўра, жалб қилинган маблағлар банкнинг кичик ва микро бизнес соҳасидаги мавжуд ва янги мижозларини молиялаштиришга йўналтирилади. Бу банкка мижозларни кредитлаш имкониятларини кенгайтириш ва шу билан бирга, ўз ресурс базасини бошқаришнинг мослашувчанлигини ошириш имконини беради.
Битимни амалга ошириш доирасида ИнфинБАНК фаолияти бўйича комплекс молиявий ва ҳуқуқий таҳлил ўтказилди. Шунингдек, банкнинг корпоратив бошқарув тизими, таваккалчиликни бошқариш амалиёти ҳамда асосий молиявий кўрсаткичлари баҳоланди.
Тузилган келишув ИнфинБАНКъга 36 ой муддатга узоқ муддатли таъминланмаган молиялаштириш тақдим этилишини назарда тутади. Бу банк мажбуриятлари таркибида узоқ муддатли ва барқарор ресурслар улушини оширишга кўмаклашади.
“ИнфинБАНК учун халқаро инвесторлар ва молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ресурс базасини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро молия бозорларидаги иштирокни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Энаблинг Қапитал Лтд. билан амалга оширилган мазкур битим банкнинг халқаро ҳамкорлар билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва мижозларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади”, — дея таъкидлади банк бошқарув раиси ўринбосари Руслан Каримов.
Энаблинг Қапитал Лтд. Швейсариянинг ФИНМА регулятори томонидан тартибга солинадиган активларни бошқариш фонди ҳисобланади. Жамғарманинг мақсади ижобий иқтисодий, ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган инвестицияларни жалб қилишдан иборат.

