Инфантинога қарши иттифоқ: УЕФА ва КОНКАКАФ жамоалари бир турнирда иштирок этиши мумкин — Тҳе Гуардиан

Инфантинога қарши янги иттифоқ: УЕФА ва КОНКАКАФ терма жамоалари ягона турнирда бирлашиши мумкин – Тҳе Гуардиан
Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) ва Шимолий, Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ) Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантинога қарши қаратилган ҳаракат сифатида қўшма Миллатлар Лигасини ташкил этиш имкониятини муҳокама қилмоқда.
Бу ташаббус Инфантинонинг Жаҳон чемпионати трансляция ҳуқуқларининг бир қисмини сотиш таклифи ортидан юзага келмоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу янги турнирда УЕФА ва КОНКАКАФга аъзо жами 96 та терма жамоа иштирок этиши мумкин. Янгиланган Миллатлар Лигасининг биринчи мавсуми 2028-йилда бошланиши кутилмоқда. Унинг формати қуйидагича бўлиши режалаштирилган: кузда гуруҳ босқичи, март ойида плей-офф ўйинлари ва июн ойида финал босқичи ўтказилади.
Турнир ҳар икки йилда бир марта ташкил этилади ва унинг янги тузилмаси амалдаги форматга ўхшаш бўлади: терма жамоалар лигаларга бўлинади. Масалан, "А" лигасида Европадан Испания, Англия, Франсия ва Германия, Шимолий Америкадан эса АҚШ, Мексика ва Канада каби жамоалар иштирок этиши мумкин.
Ҳозирда ҳар икки конфедерацияда Миллатлар Лигаси ўйинлари терма жамоалар учун ажратилган бир хил ФИФА кунларида ўтказилади. Бу ҳолат янги турнирни ташкил этиш жараёнини соддалаштириши мумкин.
Бироқ, ташкилотдаги умумий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ФИФА ушбу турнирни тасдиқлайдими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

