Инфантино кичик давлатлар кўмагига таяниб ФИФА президентлигини сақлаб қолмоқчи

Жанни Инфантино ФИФА президенти лавозимини сақлаб қолиш учун футболи ривожланган йирик давлатлардан кўра, ташкилотнинг молиявий ёрдамига муҳтож кичик мамлакатларга суянишга мажбур бўлмоқда. Жаҳон чемпионати ва ФИФА ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш бўйича муваффақияциз таклифдан сўнг, қитъа конфедерациялари – УЕФА ва КОНКАКАФ Инфантинога ишончсизлик билдиришди.
Уелс футбол федерацияси Инфантинони қўллаб-қувватлашдан расман воз кечган биринчи ташкилот бўлди. Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) эса 56 ёшли швейсариялик мутахассисга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўришни кўриб чиқаётганини маълум қилди.
Мухолифат Инфантинони лавозимидан четлатиш учун навбатдан ташқари Конгресс (ЭС) чақириши мумкин. Бунинг учун ФИФАга аъзо 211 давлатнинг камида 20 фоизи ёзма талаб билан чиқиши керак. Конгресс сўров тушганидан сўнг уч ой ичида ўтказилиши шарт, бу эса рақобатчи номзодлар пайдо бўлиши учун етарли вақт беради. Агар 55 та аъзога эга УЕФА бир овоздан қарор қабул қилса, ташкилотнинг ўзи якка ҳолда навбатдан ташқари Конгресс чақириш ваколатига эга.
Бироқ, Конгрессда Инфантинони истеъфога чиқариш осон бўлмайди. Футболдаги молиявий ва ривожланиш даражасидаги улкан тафовутларга қарамай, ФИФАга аъзо барча 211 давлат тенг биттадан овозга эга.
Шу сабабли, Инфантино ўз лавозимини сақлаб қолишда Франсия, Испания ёки Англия каби футбол гигантларига эмас, асосан Бутан ва Вануату каби давлатларга таянишга мажбур. Чунки Жаҳон чемпионатида ҳеч қачон иштирок этмаган бу каби кичик мамлакатлар футболни ривожлантиришда тўлиқ ФИФА ёрдамига қарам ҳисобланади. 2023—2026-йиллар сиклида ҳар бир аъзо давлат футболни ривожлантириш дастурлари учун 3 миллион долларгача маблағ олиши белгиланган (бу олдинги сиклдан 1 миллион долларга кўп). Бу маблағ бой давлатлар учун арзимаган чақа бўлса-да, қашшоқ мамлакатлар учун катта сумма ҳисобланади.
ФИФА тизими қандай ишлашига Вануату яққол мисол бўла олади. Жаҳон рейтингида 160-ўринни эгаллаб турган ушбу давлат футбол ассоциацияси раҳбари Ламберт Малток ФИФА Ижроия қўмитасида 8 та вице-президентдан бири ҳисобланади. ФИФА 340 минг аҳолига эга бўлган ушбу орол мамлакатига 6 500 ўринли стадион қуриш учун 4,15 миллион доллар ажратган ва иншоот 2022-йилда битказилган.
Бундай молия оқимлари Осиё, Африка, Кариб ҳавзаси ва Тинч океани минтақаларида кенг тарқалган бўлиб, ФИФА грантлари эвазига ушбу давлатларда майдонлар, спорт заллари ва футбол дастурлари ишга туширилади. Танқидчиларга кўра, бу тизим Инфантинога пул эвазига ўз лавозимини сақлаб қолиш учун керакли қўллаб-қувватлашни “сотиб олиш” имконини бермоқда. Шу боис, амалдаги президентга қарши бирлашиш деярли имконсиз бўлиб қолмоқда.

