Индонезияда қарийб 90 йилдан бери кўринмаган ноёб заҳарли примат топилди
Бу турдаги примат заҳар ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган саноқли сутемизувчилар қаторига киради. Улар фақат Индонезиянинг тахминан 12 минг квадрат километр майдонга эга Бангка оролида яшайди.

Индонезияда қарийб 90 йилдан бери кўринмаган ноёб заҳарли примат топилди
Индонезиянинг Бангка оролида қарийб 90 йилдан бери ёввойи табиатда учратилмаган ноёб примат — Бангка ороли лориси борлигига оид 90 дан ортиқ далил аниқланди. Бу жонивор 1937-йилдан буён тадқиқотчилар томонидан табиий муҳитда расман қайд этилмаган.
Бангка ороли лориси — катта кўзли, тунда фаол бўладиган кичик примат. Унинг билакларида махсус ҳимоя суюқлигини ажратувчи безлар мавжуд.
Хавф сезилганда жонивор ушбу суюқликни ялаб, уни сўлаги билан аралаштиради. Шундан сўнг унинг тишлаши заҳарли тус олади. Бундай тишлаш одамда кучли аллергик реаксияни, ҳатто ҳаёт учун хавфли анафилактик шокни ҳам юзага келтириши мумкин. Бангка лориси заҳар ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган саноқли сутемизувчилар сирасига киради.
Олимлар янги далиллар топилганига қарамай, бу турнинг келажагидан хавотирда. Бангка ороли лориси фақат Индонезиянинг тахминан 12 минг квадрат километр майдонга эга Бангка оролида яшайди. Оролда қарийб бир миллион киши истиқомат қилади.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш, ўрмонларнинг кесилиши ва аҳоли пунктларининг кенгайиши сабаб жониворларнинг табиий яшаш муҳити тобора торайиб бормоқда.
Мутахассислар ноёб приматни сақлаб қолиш учун унинг яшаш ҳудудларини муҳофаза қилиш ва тур популяциясини ўрганишни давом эттириш зарурлигини таъкидламоқда.

