Имрон Хоннинг ўғли дунёни Покистондаги “золимлар”га қарши туришга чақирди

Имрон Хоннинг ўғли дунёни Покистондаги “золимлар”га қарши туришга чақирди
Покистонда қамоқда сақланаётган собиқ бош вазир Имрон Хоннинг ўғли Сулаймон Хон оиласига босим кучайганини айтди. У Ғарб ҳукуматларини Покистон “золимлари”нинг ноқонуний ҳаракатларига қарши қатъий позиция билдиришга чақирди.
Сулаймоннинг сўзларига кўра, оила аъзоларининг ҳибсга олиниши 27-сентябрга белгиланган оммавий намойишдан олдин уларни қўрқитиш мақсадида амалга оширилган.
“Оила аъзоларимизнинг, жумладан, аёллар ва болаларнинг ярим тунда, ҳеч қандай сабабсиз олиб кетилиши ўта шармандали ҳолат. Бу мамлакатда фашистик режим ўрнатилганининг яна бир исботидир”, дейди Сулаймон Хон.
Имрон Хоннинг кичик ўғли Қосим Хон ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳукумат ҳаракатларини кескин танқид қилди:
“Сиз оилаларни ҳибсга олишингиз ва одамларни қўрқитишингиз мумкин. Лекин 250 миллионлик Покистон халқини қамай олмайсиз ва бир авлоднинг иродасини синдира олмайсиз. Ҳеч бир режим ўз халқидан устун эмас”, деб ёзади у.
Имрон Хоннинг “Пакистон Таҳрики Инсоф” (ПТИ) партияси пойтахт Исломободда оммавий норозилик юришини ўтказишни режалаштирмоқда. Партия вакилларининг айтишича, бу намойиш бир неча кунга чўзилиши мумкин.
Намойишлар арафасида мамлакат расмийлари хавфсизлик чораларини баҳона қилиб, Имроннинг опа-сингиллари — Алима, Узма ҳамда Нурен Ниазийни, шунингдек, юзлаб партия фаолларини ҳибсга олди. Амнестй Интернатионал инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу ҳибсларни ноқонуний деб баҳолаб, қўлга олинганларни зудлик билан озод қилишга чақирди.
Покистон ички ишлар вазири Моҳсин Нақвий партия раҳбариятини намойишларни бекор қилишга ундади. Ҳукумат пойтахтга олиб борувчи йўллар ва магистралларни юк контейнерлари билан тўсишни бошлаган.
Исломободда хавфсизликни таъминлаш учун 22 мингдан ортиқ, яқин ҳудудларда эса бундан ҳам кўпроқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари сафарбар этилган. Шунингдек, пойтахт шифохоналарига оммавий жароҳатланиш ҳолатларига тайёр туриш топшириғи берилган.
2023-йил августидан бери қамоқда бўлган 73 ёшли Имрон Хон коррупсия ва давлат совғалари билан боғлиқ ишлар бўйича жазо муддатини ўтамоқда. Унинг ўғиллари Лондон матбуотига берган интервюсида қамоқхонадаги оғир ва санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитлар сабаб оталарининг саломатлиги, хусусан, ўнг кўзи нури кескин ёмонлашганини айтган.
Покистон ҳукумати эса собиқ бош вазирга нисбатан ёмон муносабатда бўлинаётгани ва унинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Август ойида Имрон Хон соғлиғидаги муаммолар сабаб шифохонага олиб кетилган эди. Аммо шифохонада кўрикдан ўтказилгач, у “тиббий жиҳатдан соғлом” деб топилган. Собиқ амалдор 21-август куни тонгда қамоқхонага қайтарилган.

