Илон Маск инсониятнинг қирилиб кетиш хавфидан огоҳлантирди

**Илон Маск инсониятнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи ҳақида огоҳлантирди**
Америкалик миллиардер тадбиркор Илон Маск туғилиш даражасининг пасайиши сабабли инсониятнинг йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли борлигини таъкидлади.
"Инсоният йўқолиб бормоқда", деб ёзди Маск ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
У бу фикрни Фреезе исмли Х фойдаланувчисининг Сингапурдаги туғилиш кўрсаткичлари ҳақидаги постига жавобан билдирди. Пост муаллифининг ёзишича, 2025-йилда мамлакатда туғилиш коеффициенти рекорд даражада – 0,87 га тушиб кетган.
Постда Сингапур ҳукуматининг туғилишни рағбатлантириш бўйича кўраётган чоралари ҳам тасвирланган. Жумладан, мамлакат расмийлари оилаларга молиявий ёрдам бермоқда, ота-оналар таътилини узайтирмоқда, уй-жой имкониятларини оширмоқда ҳамда болалар парваришини субсидияламоқда.
Август ойи бошида Сингапур бош вазири Лоуренс Вон рекорд даражадаги паст туғилиш фонида янги тўловлар, узайтирилган таътил ва қўшимча уй-жой имтиёзларини эълон қилган эди.
Энди Сингапур фуқароси бўлган ҳар бир бола 17 ёшгача оилани қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доирасида жами 70 минг Сингапур долларига яқин (тахминан 55 минг АҚШ доллари) ёрдам олиши мумкин. Бунга нақд пул тўловлари, таълим грантлари ва бошқа чоралар киради.
Ишлайдиган ота-оналар учун таътил муддати узайтирилади: 12 ёшгача бўлган бир бола учун 8 кунгача, икки бола учун 10 кун ва уч ёки ундан кўп бола учун 12 кун ажратилади. Субсидияланадиган болалар боғчаси нархи ойига 150 Сингапур долларигача туширилади. Фарзандли оилалар давлат уй-жойларини тақсимлашда ҳам қўшимча имтиёзларга эга бўлади.
Янги чоралар ёмонлашаётган демографик вазият фонида қабул қилинди. 2025-йилда Сингапурда умумий туғилиш кўрсаткичи рекорд даражадаги 0,87 гача тушиб кетди. Шу билан бирга, 2026-йилда мамлакат аҳолисининг тахминан бешдан бир қисмини 65 ёш ва ундан катта ёшдагилар ташкил этиши мумкин. Апрел ойида Евростат 2100-йилга бориб Европа аҳолиси 11,7 фоизга ёки 53 миллион кишига камайишини башорат қилган эди.
Апрел ойида ОпенАИ ва унинг раҳбари Сем Алтман билан бўлган суд мажлисида Маск сунъий интеллектнинг назорациз ривожланиши ҳам инсониятнинг ҳалокатига олиб келиши мумкинлигини айтган эди. Тесла ва СпасеХ раҳбари СИ инсониятни йўқ қилиш потенциалига ҳам, унинг энг буюк қуролига айланиш имкониятига ҳам эга эканини таъкидлаган.
"У барчамизни ўлдириши мумкин. Биз ҳаммаси 'Терминатор' каби эмас, балки Жин Родденберрининг 'Юлдузли йўл' (Стар Трек) филми каби тугашини хоҳлаймиз", деган эди миллиардер.
Аввалроқ Маскка тегишли СпасеХ компаниясининг ИПЎси унинг бойлигини 1 триллион доллардан ошириши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Ҳисоб-китобларга кўра, СпасеХ аксияларининг бирламчи жойлаштирилиши якунлангач, Маскнинг компаниядаги улуши қарийб 866 миллиард долларга баҳоланади. Тесла ва бошқа активларини ҳам қўшганда, унинг умумий бойлиги 1,1 триллион доллардан ошиши мумкин.

