Икки вилоятда 2,5 мингдан зиёд кучли дори ушланди
Андижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилган учта тезкор тадбирда жами 2591 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ҳамда 200 грамм гашиш олиб қўйилди. Ҳар учала ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов бошланган.

Икки вилоятда 2,5 мингдан ортиқ кучли дори қўлга олинди
Давлат хавфсизлик хизмати берган маълумотга кўра, мазкур тадбирлар гиёҳвандлик воситалари, психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш доирасида ўтказилган.
Андижон вилоятининг Избоскан туманида ДХХ вилоят бошқармаси, Чегара қўшинлари ва вилоят Божхона бошқармаси вакиллари ҳамкорлигида Тошкент шаҳри томон йўл олган Ласетти автомобили тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган.
Автомобилни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, 1986-йилда туғилган, илгари судланган шахс бошқариб кетаётган бўлган. Текширув давомида машина салонидан 1400 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланган.
Иккинчи тезкор тадбир Қўқон шаҳрида ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси, божхона ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Унда 1976-йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг сумкасидан 1092 дона «Регапен» ҳамда 200 грамм гашиш топилган. Улар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Яна бир ҳолатда Марғилондан Қўқон томон ҳаракатланаётган ВАЗ-21017 автомобили Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилиб, текширилган.
Қўқон шаҳрида яшовчи, 1985-йилда туғилган шахс бошқарувидаги машина салонидан 99 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланган. Дорилар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда ҳар учала ҳолат бўйича мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

