Икки австралиялик серфингчи ака-ука ва уларнинг америкалик дўстини ўлдиришда айбдор деб топилган уч эркак
Жейк ва Каллум Робинсон ҳамда уларнинг дўсти Картер Роаднинг жасадлари қудуқ тубидан топилди.

2024 йилда Мексикада серфинг саёҳати пайтида австралиялик ака-ука Жейк ва Каллум Робинсон ҳамда уларнинг америкалик дўсти Картер Роадни ўлдиришда айбланган уч эркак айбдор деб топилди.
Суд жараёнида сайёҳлар чекка соҳил бўйида уларнинг пикап машинасини муваффақиятсиз ўғрилашга уриниш пайтида ўлдирилгани маълум бўлди. Кейинчалик уларнинг жасадлари бошидан ўқ еган ҳолда қудуққа ташлаб кетилган жойидан топилган.
Ушбу қотилликлар бутун дунёда, айниқса Австралияда одамларни шокка солди, чунки ушбу соҳилбўйи ҳудуди зўравонлик кўпроқ тарқалган Мексиканинг бошқа қисмларига қараганда одатда хавфсизроқ деб ҳисобланар эди.
Ҳукм жума куни Мексиканинг Баха Калифорния штатида эълон қилинди.
Икки австралиялик ака-уканинг ота-онаси Мартин ва Дебра Робинсон Энсенада соҳилбўйи шаҳрида бўлиб ўтган суд мажлисларида бошидан охиригача қатнашдилар ва пайшанба куни якуний музокаралар пайтида ҳиссиётларга бой кўрсатма бердилар.
«Ота-она учун фарзандидан айрилиш жуда оғир, биз эса икки ўғлимиздан айрилдик», деди уларнинг отаси Мартин.
Роаднинг оила аъзолари суд жараёнини видеоалоқа орқали кузатиб бордилар.
Бундан бир ҳафта олдин суд биноси ташқарисида ОАВга гапирган Дебра Робинсон, эр-хотин австралияликларга кўрсатган улкан қўллаб-қувватлашлари учун «чуқур миннатдор» эканликларини ва уларнинг «муҳаббати ҳамда қучоғини ҳис қилаётганларини» айтди.
Бир ой давом этган суд жараёнида прокурорлар уч судланувчининг ҳар бири учун 150 йиллик қамоқ жазосини сўраган эдилар.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида жиноий гуруҳнинг тахминий раҳбари Хесус «Эл Кекас» Херардонинг севгилиси алоҳида суд жараёнида йигирма йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У талончиликда иштирок этганини тан олган.
Ўша пайтда ушбу қотилликлар Энсенададаги маҳаллий аҳоли ва сайёҳларни ҳайратда қолдирган эди, улар қотилликнинг бунчалик осонлик билан ва мутлақо бемаъни тарзда содир этилганидан ларзага келгандилар.
Ушбу соҳилбўйи шаҳри серфингчилар учун меҳмондўст маскан сифатида танилган ва бу даҳшатли қотилликлар Мексикада бундай ўта шафқатсиз зўравонликлар ҳали ҳам қанчалик кенг тарқалганини кўрсатди.
Ҳукумат бера олган ягона тушунтириш шундан иборат бўлдики, серфингчилар — уларнинг барчаси ўттиз ёшлар атрофида бўлган — шунчаки нотўғри вақтда нотўғри жойда бўлиб қолганлари учун ўлдирилган.
Улар АҚШдан Мексикага ўтганларидан кейин атиги 36 соат ўтиб ўлдирилган. Уларнинг жасадлари фақат бир ҳафтадан кейин топилди ва оилалари уларнинг шахсини аниқлай олди.
Ўша пайтда Энсенададаги серфингчилар ҳамжамияти ҳалок бўлганларни хотирлаш учун ҳудуднинг энг машҳур серфинг масканларидан бирида сувга тушиб, денгизга гуллар улоқтиришди.
Маҳаллий серфингчилар, шунингдек, штатдаги бошқа яқинда содир бўлган зўравонлик ҳолатларини кўрсатиб, аҳоли ва ташриф буюрувчи сайёҳлар хавфсизлигини кучайтиришни талаб қилишди. Туризм Баха Калифорния минтақавий иқтисодиётининг асосий қисми ҳисобланади.
Чора кўриш талаблари кучайган бир пайтда, Баха Калифорния губернатори Марина дел Пилар Авила ўз штатидаги кенг тарқалган зўравонлик борасида жамоатчилик хавотирларини тинчлантиришга ҳаракат қилди.
«Баха Калифорния мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан ва бутун дунёдан бизга ташриф буюрадиган минглаб одамлар учун хавфсиз туризм штати бўлиб қолади ва шундай бўлиб давом этади», деди у.
«Ушбу оғир дамларда оилаларга ҳамдардлик ва бирдамлигимни билдираман».

