ИИВ “Равшан Золотой”га нисбатан халқаро қидирув бекор қилингани сабабини очиқлади

ИИВ “Равшан Золотой”га нисбатан халқаро қидирувнинг бекор қилиниши сабабларини маълум қилди
Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида “Равшан Золотой” номи билан танилган Равшан Муҳитдиновга нисбатан қидирувнинг бекор қилиниши сабаблари очиқланди.
Апрел ойи ўрталарида Интерпол “Равшан Золотой” номи билан танилган Равшан Муҳитдиновни қидирувга бергани ҳақида хабар берилган эди. 37 ёшли Равшан Муҳитдинов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш), 242-моддаси 2-қисми (жиноий уюшма ташкил этиш), 277-моддаси 3-қисми (безорилик) бўйича айбланмоқда.
Матбуот анжуманида Равшан Муҳитдиновнинг Интерпол қидирувидан олиб ташланиши ҳақида савол берилди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари полковник Дилмурод Мирсодиқовнинг сўзларига кўра, “Равшан Золотой”га нисбатан қидирув 2021-йилги ҳолат бўйича очилган жиноят иши доирасида эълон қилинган. “Ҳақиқатдан, 2021-йилги ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тегишли моддалар билан ъРавшан Золотойъга нисбатан қидирув эълон қилинган. Вақт ўтгандан кейин жавобгарликка тортиш муддати ўтгани муносабати билан жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисми тугатилган”, деди ИИББ мулозими.
Дилмурод Мирсодиқовнинг таъкидлашича, бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказилгандан сўнг “Равшан Золотой”га нисбатан бошқа аризалар келиб тушгани сабабли ҳолат бўйича яна қидирув ҳаракатлари жадаллаштирилган. Барча тергов ҳаракатлари ўтказилгандан кейин унинг бошқа айблови тасдиқланмаганлиги сабабли қолган қидирув ҳаракатлари бекор қилинган. Маълумот учун, Равшан Муҳитдинов 1988-йилда Тошкентда туғилган. У ёшлигидан “Равшан Золотой” номини олган. Ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Ғофур Раҳимов унинг тоғаси ҳисобланади. Муҳитдинов тоғаси Ғофур Раҳимовга нисбатан тазьиқлар кучайган даврда оғир жиноятларда айбланиб, мамлакатни тарк этган.

