Ҳусийчилар кимлар ва уларнинг мақсади нима?
Ҳусийчилар - Ямандаги диний-сиёсий ҳаракат бўлиб, расман «Ансор Аллоҳ» («Аллоҳнинг тарафдорлари») деб аталади. Ҳаракат Яман пойтахти Сано, мамлакатнинг ғарбий ва шимолий қисмларини назорат қилади. Бу ҳудудларда 20 миллиондан ортиқ киши, яъни Яман аҳолисининг қарийб 70 фоизи яшайди.

Ҳусийчилар кимлар ва уларнинг мақсади нима?
Яман ҳусийчиларининг ҳарбий, диний ва сиёсий етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий (1979-йилда туғилган) исломшунос олим Бадр ад-Дин ал-Ҳусийнинг ўғли бўлиб, 2004-йилдан бери ҳаракатга бощилик қилиб келади.
Абдулмалик ал-Ҳусийнинг насаби Ямандаги ал-Ҳусий сулоласига бориб тақалади. Бу сулола вакиллари «саййидлар», яъни Муҳаммад пайғамбар авлодлари сифатида тан олинади. Улар «ҳошимийлар», «ашроф» ва «аҳли байт» — «Пайғамбар хонадони аҳли» деб ҳам аталади.
Абдулмалик ал-Ҳусий ҳусийчилар назоратидаги давлат тузилмаларида ҳеч қандай расмий лавозим эгалламайди, бироқ «қоид ас-саура» («инқилоб раҳбари») унвонига эга. Унинг ваколатлари Эрондаги олий раҳбар ваколатларига қиёсланади.
Ҳаракат раҳбариятида Абдулмалик ал-Ҳусийнинг ака-укалари, жиянлари ва бошқа қариндошлари муҳим ўрин тутади. Улар орасида Яҳё ва Абд ал-Холиқ ал-Ҳусий, амакиси Абдулкарим ал-Ҳусий, жияни Муҳаммад Али ал-Ҳусий, куёви Юсуф ал-Маданий ва бошқалар бор.
Ҳусийчилар ҳаракати ривожлангани сари унинг мақсадлари ҳам ўзгариб борган. 2004–2010-йилларда улар Яманнинг зайдийлар яшайдиган вилоятларида диний ва сиёсий мухториятга эришишни мақсад қилган. 2014-йилда ҳокимиятни қўлга олгач эса уни мустаҳкамлаш ва бутун мамлакат бўйлаб назоратни кучайтиришга интилган.
2015-йилда Саудия Арабистони бощилигидаги коалиция қўшинлари Яманга кирганидан сўнг ҳусийчилар Яманни бирлаштириш ва мамлакатни хорижий кучлардан, биринчи навбатда АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда уларнинг яманлик иттифоқчиларидан озод қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Бу амалда улар билан рақобатлашаётган барча ҳарбий-сиёсий кучлар билан душманлик муносабатини англатади. Улар қаторига Президент раҳбарлик кенгаши, Жанубий ўтиш кенгаши ва мамлакат ғарбидаги ҳусийчиларга қарши қуролли гуруҳлар киради.
2019-йилда қабул қилинган дастурда дунёвий ва республика тамойилларига асосланган, плюралистик ва демократик Яман давлатини қуриш мақсади эълон қилинган. Бироқ бу дастур ҳаракатнинг амалдаги сиёсий фаолиятидан анча фарқ қилади. Ҳусийчилар мамлакат ва жамиятни ўзларининг диний-мафкуравий қарашларига мувофиқ қайта ташкил этиш билан шуғулланади.

