Ҳусан Ботиров Биатлон федерацияси раиси этиб сайланди
Мансур Мамадаминов биринчи ўринбосар, Анвар Курбаниязов эса раис ўринбосари лавозимини эгаллади

Ҳусан Ботиров Биатлон федерацияси раиси этиб сайланди
Бугун «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгашида Ўзбекистон Биатлон федерациясининг ҳисобот-сайлов конференсияси ўтказилди. Унда федерациянинг янги раҳбарияти шакллантирилди.
Конференсия якунларига кўра, Ҳусан Ботиров Ўзбекистон Биатлон федерацияси раиси этиб сайланди. Мансур Мамадаминов биринчи ўринбосар, Анвар Курбаниязов эса раис ўринбосари лавозимига тайинланди.
Янги раҳбарият федерация олдидаги устувор вазифаларни белгилаб, Ўзбекистон биатлонини янада ривожлантириш, спортчиларнинг халқаро мусобақалардаги натижаларини яхшилаш ва юқори даражадаги мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратишини билдирди.
Хусусан, 2027-йилги Жаҳон чемпионати ҳамда 2030-йилги Қишки Олимпия ўйинларига тайёргарлик федерация фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири экани таъкидланди.
Янги раҳбарият олдида биатлон инфратузилмасини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон биатлонининг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш каби вазифалар турибди.

